- •Набижон ҳошимов «чаёнлар сўқмоғи»
- •Сўзбоши
- •Биринчи қисм "зира ҳиди"
- •1 Боб. Алданганлар
- •II боб. Таҳликали дамлар
- •III боб. Ўғил изидан
- •IV боб. "боевиклик"
- •V боб. Тутқунлик
- •VI боб. Ажал уяси
- •VII боб. Ватанга қайтиш
- •VIII боб. Ҳеч ким кутмаган кун
- •Иккинчи қисм "мужоҳидлар изидан"
- •X боб. Муҳаммад овчи
- •XI боб. Мужоҳидлар изидан
- •XII боб. Салом бадахшон!
- •XIII боб. Булутларни қолдириб доғда
- •Учинчи қисм "чаёнлар сўқмоғи"
- •XIV боб. Орзулар ушалганда
- •XV боб. Хавотирли ҳудуд
- •XVI боб. Сўқмоқлар бўйлаб
- •XVII боб. Эллик долларли эшак
- •Хотима ўрнида
- •2003–2012 Йиллар
IV боб. "боевиклик"
Нормурод Козимнинг ортидан эргашди. Котиб уни сирли қараш билан қарши олди ва ҳол-аҳвол сўраган бўлди.
– Сени чақиришимдан мақсад – бир масалани ойдинлаштириб олмоқчимиз. Айт-чи, келганингда ёнингда қанча пулинг бор эди?
– 2000 доллар.
– Хўп, қанақа пуллар эди?
– 18 дона 100 долларлик, 4 дона 50 долларлик.
У улкан сейфни очиб ичидан бир папкани олди. Папкадан бир конвертни олиб, ичидан Нормуродга таниш АҚШ долларларини чиқарди.
– Тўғри, – деди котиб пулларни санаб ва синовчан тикилди. – Фақат менга тўғрисини айт, бу пулларни сен қаердан олгансан?
Нормурод гўё ўзини ўғри деб ўйлашяптимикан, деган хаёлга борди.
– Сендан "тўғрисини айт", деб сўраяпти! – дея ўшқириб берди ортида турган Козим.
– Булар ҳалол. Боққан қўйларимизни сотганмиз. Отам "Хорижга борсанг керак бўлади" деганди.
– Қанақа Хориж?! – ортидан бақирди яна Козим. – Сендан...!
– Сен аралашма, – деди котиб мулойим оҳангда. – Яхши, сенга ишонаман. Лекин ўша қўйларни қаерда сотгансизлар?
– Боткен бозорида.
– Боткенда дейсанми? – деди котиб таажжублангандек.
– Ҳа. У ер бизнинг қишлоққа чегарадош, – деди Нормурод гўё айб иш қилиб қўйгандек.
– Сен у ерларни яхши биласанми?
Нормурод "ҳа" ишорасини қилди ва котибга савол назарида қаради.
– Пулларинг қалбаки эканлигиниям биласанми?
Нормуроднинг кўзлари "ярқ" этиб очилиб кетди.
– Мана қара, бу ёққа кел, – деди котиб ўзига чорлаб ва пулларни стол устига ёйди, – Номерларига эътибор қил, кўраяпсанми, ҳаммаси бир хил-ку...
– Бил-билмасам, – деди Нормурод довдираб ва ранги оқариб кетди.
– Нега қараб, текшириб олмадиларинг? Кимга сотган эдиларинг қўйни?
– Геологларга, қора соқолли. Ҳалиги...! – дея қичқириб юбораёзди йигит, лекин қора соқолли котибнинг ҳамиятига тегиб кетиши мумкинлигини ўйлаб, тезда ўзини ўнглаб олди.
– "Қорасоқолли" дегин? – деди котиб мийиғида кулиб. – Хўп, бўлса бордир. Сен ҳозир мени қабулхонада кутиб тургин, мен бошлиқ олдига кириб чиқай, кейин чақираман, хўпми?
Нормурод Козимнинг назорати остида қабулхонада кутиб турди. Бир оздан сўнг уни йўқладилар.
– Сен билан шахсан хўжайиннинг ўзи қизиқиб қолдилар. Ҳозир унинг ҳузурига кирасан, – деди котиб ҳалиги папка ва аллақандай ҳужжатларни олиб, – Қани юрчи, саломни унутма, ўзингни мўмин мусулмонлардай тут. Гап қайтарган одамни бошлиқ ёмон кўради, астойдил хизмат қилаётганлар бўлса ёрдамини аямайди, тушундингми?
– Тушундим?
– Тушундим эмас, "Алҳамдулиллоҳ" де!
– Алҳамдулиллоҳ...
– Саломни ҳам "Ассалому алайкум ба раҳматуллоҳи барокатуҳ" дея тўлиқ айтишинг керак...
Кўп ўтмай улар Журжоний ҳузурига кирдилар.
– Ассалому алайкум ба раҳматуллоҳи барокатуҳ, – деди Нормурод одоб билан.
– Воалайкум... – деди бошлиқ қуруқ қилиб ва тезда мақсадга ўтиб қўя қолди.
– Эшитдим, сизларни боплаб лақиллатишибди-да, – деди у кулиб ва столи устидаги қалбаки долларларга ишора қилди. – Агар Аллоҳ йўлида виждонан хизмат қилишга сўз берсанг бу пулларни ҳақиқийсига алмаштириб, ота-онангга ҳам ҳар ой пул жўнатиб туришга ваъда бераман. Ўқишинга ҳам тезроқ кетасан.
– Иншоллоҳ, яхши хизмат қиламан, – деб юборди Нормурод.
– Яхши, – деди бошлиқ. – Сен ўз садоқатингни хизматда кўрсатишинг керак. Биламан, ҳали ҳаётда сенга кўп пул керак бўлади... Худоёрхон, бу йигитнинг отасининг номига ҳар ойда 100 доллардан пул жўнатиб туринглар! – деди у котибга юзланиб ва қалбаки пулларни олиб йиртиб ахлатдонга ташлади. – Кейин бу бола яхши, садоқат билан хизмат қилса кетишида қўлига 2000 доллар ҳақиқий пулдан берасиз.
– Хўп бўлади, сардор! – деди котиб алланималарни дафтарига ёзиб олди.
– Кейин бу болани ҳижрат сафарига тайёрланг! Менга қара, – деди у Нормуродга юзланиб, – мен ҳали ҳеч кимга бундай мурувват қилган одаммасман. Сен менга маъқул бўлиб қолдинг, шунинг учун сени амалиётда синаб кўрмоқчиман. Агар шилт-пилт қилсанг каллангни оламан, тушундингми? – деди у кўрсаткич бармоғини бигиз қилиб.
– Алҳамдулиллоҳ, хизматингизга тайёрман!
– Баракалла! Сен менинг ҳамюртим экансан. Шунинг учун сенга ёрдам қилмоқчиман, билдинг. Менга ўз ишончли одамларим керак, сени ҳам ўз одамларим қаторига оламан. Яқин кунларда сени одамларим билан қўшиб ҳижратга сафарига жўнатаман. У ерда муҳим ишларни бажарасизлар, уқдингми?
– Уқдим, – деди Нормурод итоатгўйлик билан.
– Ундай бўлса бор. Агар биров хафа қилса ё менинг тўғримда бирор номаъқул гап айтса, менга айт, ўзим жазосини бераман.
Нормурод қуллуқ қилиб унинг ҳузуридан ташқарига чиқиб кетди.
– Тактикангизга қойил, тақсирим! – деди котиб Журжонийга лаганбардорлик билан мийиғида кулиб, – муллаваччаларни "одам қилиш"ни жуда яхши биласизда-а... Лекин унинг отаси келганлиги тўғрисида лом-мим демадингиз-ку?
– Нима кераги бор болани ҳардамхаёл қилиб, – деди у кафтига нос солиб тилининг тагига ташларкан. – Умуман олганда биз бир иш қилишимиз керак экан, шекилли. Бу йигитларнинг ота-оналари энди кучукка ўхшаб, думини ликиллатиб битта-битта келишаверади. Биз бунинг олдини олишимиз керак.
– Нима қилайлик, дейсиз?
– Йигитлар ҳеч бўлмаса бир-икки ойда бир маротаба уйларига хат ёзишини ташкиллаштиришимиз керак. "Яхши юрибман, соғман, ўқишларим яхши, ўқишдан кейин ишлаяпман. Шунинг учун хат ёзишга унча вақтим бўлмаяпти, мендан хавотир олманглар" дейишсин, хўпми? Кейин ҳар бир конвертга 100 доллардан пул солиб жўнатинг.
– Хатни Хориждан жўнатишган бўлишсинми ё шу ерданми?
– Менимча, бирор Хориждан бўлгани маъқул. Баъзи-баъзида денгизда чўмилишаётганини ҳам ёзиб қўйишсин, – деди Журжоний масхараомуз кулиб.
– Лекин бу хатларни бу ердан жўнатсак почта штампасидан маълум бўлиб қолади-ку. Нормуроднинг отаси ўша штампа ёрдамида топиб келганмиш.
– Бўлмаса Ўзбекистондаги вакилларимиз орқали уларнинг уйларига варақага қўшиб тарқатишсин.
– Хўп бўлади, тақсир! – деди котиб бошлиғининг айёрлигига яна бир бор тан бериб. – Ануви боланинг отасини нима қиламиз?
– Ҳужжатини беринг-да, ўзини қайтариб жўнатиб юборинг. Муллаваччалар ҳар хил давлатларга ҳижрат сафарига жўнаб кетишди. Шу жумладан, ўғлингизни ҳам кетди, деб етказинг. У ерда бу бола бизга керак бўлиб қолиши мумкин. Жиҳод кунлари оз қолди, иншооллоҳ..., – деди у ўйчан.
* * *
Карим Журжонийнинг Нормуродга бўлган муносабатини эшитиб ҳангу-манг бўлиб қолди.
– Демак, улар пулларимизни ҳам текшириб кўришибди-да-а? – деди у ўйчан.
– Қизиқ, мақсади нима экан бу одамнинг?
– У ўз атрофига ишончли одамларини тўплаб нимадир қилмоқчи, шекилли. Лекин мен буни билолмадим, – деди Нормурод.
– Қизиқ, сени қаерга жўнатишмоқчи, ўзи?
– Билмасам, Афғонистонга бўлса керак-да.
– Эҳтимол Покистонгадир. У ёқда ҳам шунақа махсус лагер бор, деб эшитганман. Устозимиз Аҳмад Нурий шундай деганди.
– Бўлиши мумкин. Ҳижрат сафари бўлса керак-да. Армияда буни "учение" дейишади-ку!
* * *
Оқшом уларни Раҳматилла йўқлади. Нормуроддан бошлиқнинг қабули ҳақида эшитиб у ҳам дастлаб ҳайрон бўлди, сўнгра уни қутлади:
– Омадинг бор экан, – деди Раҳматилла Нормуроднинг елкасига қўлини қўйиб, – сенга ҳизрнинг ўзи назар қилибди. Демак, сен Оллоҳнинг суйган бандаси экансан. Билсанг, сени ҳизрга рўбарў қилиш учун худойим-тоалло атайин ўша долларларни қалбаки қилиб кўрсатган. Йўлинг очиқ йигит экансан. Сен билан ўтга ҳам, жангга ҳам бирга борса бўларкан.
Улар кулишдилар. Нормурод ўз хаёлидаги жумбоқни ўртага солди:
– Ҳижрат сафарига малакамизни ошириш учун юборишаётганмикин?
– Албатта-да. Демак, сени ҳам зобитлар сафига олишса керак. Энди сенинг вазифанг бошлиқларнинг ишончини қозониш. Майли, бу ишлар ҳаммаси яхшилик йўлига бўла қолсин. Мен сизларнинг олдингизга бир иш билан келдим. Хуллас, оз-моз чойчақа ишлаб олишларингиз мумкин. Пул ҳозирги замонда ҳеч қачон ортиқчалик қилмаган. Аксинча, йигит киши бўлиб, оқ-қорани таниб, ўзларингни амалиёт синовида кўрсатишга имконият яратиб беришим мумкин.
– Қанақа иш экан? – дея қизиқсиниб сўради Карим.
– Бир оддий операция. Лекин, агар хоҳламасангизлар бу ишга мен любой бошқа одамларни олишим ҳам мумкин. Нима бўлса ҳам ўзимнинг одамларимсизлар, иш ўрганинглар дейман-да...
– Ҳа, албатта, – деди Нормурод ҳар қандай хизматга тайёр эканлигини кўтаринки руҳ билан намойиш қилиб.
– Демак, розисизлар. Бўпти, мен ҳозир курс раҳбарларингга айтиб эртанги машғулотлардан сизларни озод қилдириб қўяман. Бомдод намозидан кейин нонуштани қилиб бизнинг барак олдига бориб туринглар, кейин операцияни ўтказгани бир ерга ўтиб келамиз.
– Бўпти! – дейишди йигитлар чин юракдан.
Улар эртаси келишилганидек барак олдига боришди. Раҳматилла чиқиб йигитларни ичкарига олиб кириб кетди ва уларнинг қўлига бронжилет ҳамда қора ниқоб тутқазиб кийинишни буюрди. Қўлларига автомат ва пичоқ ҳам берди.
– Бу сизларга "1-курсовой иш", – деди кулиб Раҳматилла. – Хуллас, бир "душман"ни ўз уйида қўлга олишимиз керак. У қаршилик қилиши, бизга қарши ўқ узиши ёки қочмоқчи бўлиши ҳам мумкин. Буйруқ берилса аяб ўтирмайсизлар. Уй атрофини қуршаб оламиз. Бугунча сизлар ана шу қуршовда хизмат қиласизлар, тушунарлими?!
– Иншооллоҳ, тушунарли! – деди йигитлар.
– Операцияда яхши қатнашсангизлар мукофот пули оласизлар. Ўзларингни кўрсатиш учун бу ҳам бир имконият. "Жанг майдонидаман", деб фараз қилинглар. Лекин унутманглар, жанг қурбонсиз бўлмайди, ўзларингни эҳтиёт қилсаларингиз Аллоҳнинг ўзи ҳам мадад беради. У ёқ-бу ёққа ташлашни хаёлларингга ҳам келтирманглар.
* * *
Эртаси улар билан яна қуролланган ўн чоғли лашкарлар ҳарбий машинага чиқдилар. Машина постдан чиқиб, тоғ ёнбағридаги йўлдан елиб кетди...
Нормурод ва Карим ўзларини худди Америка киноларидагидек гўё воқеа ичидаги қаҳрамонлар қаторига кириб қолгандек ҳис қилиб бу жараёнга жон деб киришдилар.
...Қишлоқ чеккасидаги хонадонлардан бири қуршаб олинди. Эшиклар ва деразалар олдига биттадан қуролланган соқчилар қўйилди. Раҳматилла бошчилигидаги беш киши уй ичкарисига бостириб киришди. Нормурод ва Карим ўз постларини эгаллаб қуршов чизиғини маҳкам ушлаб турган лашкарлар қаторида эди. "Душман", яъни хонадон эгаси бўлмиш хўппа семиз киши майкачан ҳолатида уйидан олиб чиқилди. Икки автоматли уни нишонга олиб туришарди.
– Сизни кеча огоҳлантиришганмиди?! – дея дўқ-пўписа қилди ниқобли Раҳматилла.
– Ҳа, – деди аранг у қўндоқ еган бошидан оқаётган қонни артиб.
– Қани ўша пул?!
– Ахир менинг бунча пулим йўқ, бола-чақамга раҳмингиз келсин, ака!... – деди у ёлвориб.
Ичкарида бир аёлнинг додлагани ва бола йиғиси эшитилди.
– Вой-дод! Ёрдам беринглар, мусулмонлар, эримни ўлдиришяпти!...
Шу пайт ичкаридан оғзига латта тиқилган аёлни ҳам сочидан судраб чиқишди. Икки болани ҳам ўртага олиб чиқиб тўрттовини бирга боғлашди. Оғзига латта тиқилган болалар қўрқувдан қалт-қалт титрар ва кўзлари косасидан чиқиб кетаёзганди.
Уй ичкариси тинтув қилинди. Қимматроқ кўринган нарсалар олиб чиқилди.
– Пул, тиллаларни топа олмадик, – деб ҳисобот берди лашкарлардан бири. Шундан сўнг Раҳматилла семиз кишининг қорнига қарата тепиб юборди.
– Қани пул, итвачча?! Агар ҳозир топиб бермасанг бола-чақанг билан қириб ташлайман! – деди у автоматини ўқталиб, – Учгача санайман, бир...
– Бўлди-бўлди, ҳозир-ҳозир...
Лашкарлар арқонни ечиб кишини бўшатиб олишди. Бир автоматли болаларни пойлаб қолди. Шу пайт бошқа бир каттароқ бола томда писиб ётган бўлса керак, кўчага томон сакраб қоча бошлади.
– От уни! – дея қичқирди кимдир Каримга қараб.
Ниқобли Карим довдираб каловланиб қолди. Бақирган аскар тез чопиб келди-да узоқлашиб бўлган болага қараб ўқ узди.
– Қочиб кетди, ифлос! – дея қичқирди у ва Каримга қараб "Сен нега отмадинг, ҳайвон!" – деди у ўшқириб.
– Ахир у душман эмас-ку!.. – деди базўр Карим.
– Нега душман бўлмас экан?! Бу ерда ҳамма душман, ҳамма кофир! Нима бало янгиларданмисан?! – деди у жаҳл билан Каримнинг ниқобини суғуриб олиб афт-башарасига назар ташларкан.
– Раҳматилла аканинг одами бўлмаганингда ҳозир абжағингни чиқарардим?! – дедида, нари кетди.
Ичкаридан ҳалиги семиз кишининг фарёди ва ялиниб-ёлворган овози келди, сўнгра автомат овози бир бора тариллаб ўчди. Ичкаридан Раҳматилла бир бўғчани кулиб кўтариб чиқди.
– Кам берди, тўнғиз, – деди у норози бўлиб. – Нарсаларни олинглар!
– Анавиларни нима қилайлик? – деди ниқоблилардан бири аёл ва болаларга ишора қилиб, – Бир ўғли қочиб кетди, томда экан.
Бу даҳшатли томошадан воқиф бўлиб турган Нормурод гўё карахт ҳолга тушиб қолганди. Рўбарўсида турган аёл ва болаларга жуда раҳми келиб "Булар қанақасига душман экан?!" – деган ғалати саволга жавоб топа олмаётганди. Лекин соқчилик қилаётган жангчи болаларга ишора қилиб "Анавиларни нима қиламиз?" – деганида унинг "дод" деб юборгиси келди. "Болаларда нима гуноҳ, ахир?!", дея ҳайқирди у хаёлан.
Раҳматилла ҳеч нарса демади, лекин ўша автоматли мужоҳид нишонни болалар томонга қаратганида Нормурод чидай олмади:
– Отма уларни! Уларда нима гуноҳ! – деди қичқириб.
– Ие, бу салабон ким бўлди? Тили чиқиб қоптими? Вей, сен ҳали...
Орага Раҳматилла тушди:
– Бу менинг одамим, қўявер. У билан ўзим гаплашиб қўяман.
– Яна биттаси бор, – деди бирови Каримни кўрсатиб. – У бир болани қочириб юборди.
– Булар ҳали ёш, бунақа ишга биринчи марта келишлари. Ҳали пишиб сенлардан ҳам ўтиб кетишади. Мана кўрасан, улар ҳали каллани шундоқ узиб қўлингга тутқазиб қўйишадиган бўлишади, – деди у хиринглаб.
Аёл ва болалар омон қолишди. Кўзлари жиққа ёшга тўлган: оғзига латта тиқилган аёл Нормуродга нигоҳ ташлади. Бу нигоҳ йигитнинг юрагини ларзага солди. Унда ҳам қаҳр, ҳам меҳр бор эди. Кейинчалик ётганида ҳам, юрса ҳам, турса ҳам бу нигоҳ унинг кўз ўнгида бир умр муҳрланиб қолди.
– Бунақа эмас-да, мени анави шерикларим олдида мулзам қилдиларинг-ку!... Қўрқоқ экансанлар, – деди Раҳматилла қайтиб келишганидан сўнг. – Мана олларинг, лекин энди буёғига ҳақни ҳалоллаб олишни ўрганинглар, – деди у Карим ва Нормуроднинг қўлига бир оздан пул тутқазди.
– Пулингиз керакмас, Раҳматилла ака, – деди Карим уни қайтариб бераркан.
Нормурод ҳам пулларни қайтарди. Раҳматилланинг жаҳли чиқди.
– Нима, сенларга ҳали пул керак бўлмай қолдими? Салабонлар! Ҳали кўрасанлар, қани менга хизмат қилмай кўрларингчи, бурунларингни ерга ишқайман! – деди у ўшқириб.
Икки йигитни кейинги тунда ҳам Раҳматилланинг одамлари безовта қилишиб яна бир "операция"га мажбуран олиб кетишди.
– Тез туринглар, машина кутиб турибди, – деди улардан бири ухлаб ётган Нормурод ва Каримга.
– Биз бошқа бормаймиз, – деди Карим жиддий.
– Нима? Бормай кўр-чи, дабдалангни чиқариб ташлаймиз, билдинг!
– Бўрининг еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон, – деди шериги. – Раҳматилла ака сизларни кутиб турибди.
Йигитлар норози бўлдилар, лекин ноилож яна бронжилет, ниқоб кийишга тўғри келди. Лекин энди шаҳар тарафга қараб боришди. Шаҳар банкларидан бири экан, шекилли. Нормурод билан Каримни кўчага қоровулликка қўйишди. Ўн чоғли мужоҳидлар бўлса "операция"ни банк ичкарисида ўтказишди. Қуролли қоровуллар отиб ташланди. Бир сочига оқ оралаган зиёли кишини енгил машинада бошқа пистолет ўқталган ниқобли кишилар олиб келиб уни банк ичига олиб кириб кетишди. Тез орада ичкаридан бир қопчада пул олиб чиқилди.
– Бу ерда бори шу, бошқа йўқ. Сизларга берган ваъдамни бажардим. Энди мени қўйиб юборинглар, – деб ёлворди ҳалиги киши.
– Йигитлар, кетдик! – деди Раҳматилла.
Тунги шаҳар хиёбонида чўккалаган алпозда ўша зиёли киши қолаверди.
"Демак, бу ишлар олдиндан режалаштирилиб, сўнгра амалга оширилар экан-да!" – дея хаёлидан ўтказди Нормурод. Лекин бир одамнинг омон қолганидан кўнгли бир оз таскин топди.
Нормурод лагерь ҳаётига оҳиста кўника борди. У энди ўзини анчагина бардам ва хотиржам тутарди. Унинг азалдан спорт билан машғул бўлгани, жисмонан бақувват экани, фарғонача кураш сир-асрорларини пухта билгани туфайли ҳарбий машқлар ва қўлаки жангларда яхши иштирок этиб, устозларининг назарига туша бошлади. У шуни яхши билардики, бу ерда ҳаёт-мамот учун кураш борар, ҳаёт нашидасини ҳис қилмай туриб беъмани, бемаврид ўлиб кетиш ҳеч гап эмасди. Бунинг устига мужоҳидларнинг мақсад муддаоси исломни ҳимоя қилиш эмас, балки ёшлар онгини заҳарлаб ҳокимиятни қўлга олишга қаратилган экани ва бунинг учун ҳар қандай ҳунрезликдан қайтмасликларини у англаб етди.
Қоидасиз жангга ўхшаб кетадиган мусобақаларнинг бирида лагерь бошлиғи Журжоний ҳам иштирок этди. Чунки у муштлашувларни тамоша қилишни жуда ёқтирарди. Ўшанда Нормуродни бир ғармий йигит билан уруштиришди. Жангда Нормурод енгди. Бундан қувонган Журжоний юз-кўзи моматалоқ бўлиб шишиб кетган Нормуродни шахсан қутлади:
– Яшавор, ўғил бола! Жангда ҳам ўзингни шундай тута бил. Сендан ҳали жуда яхши жангари чиқади. Бугундан эътиборан сени ўнбоши этиб тайинлайман!
Бу воқеа бошлиқлар ишончи томон дастлабки қадам эди. Сўнгра у бошқа машғулотларда ҳам ўзининг фаоллиги ва қобилиятлилигини намойиш қила бошлади. Яна бир воқеа содир бўлдики, у бошлиқнинг тўла ишончига эришди.
Топшириқ мазмуни шундай эди:
Тоғли қишлоқларнинг бирида Ҳидирмат исмли ашаддий нашаванд бир гиёҳфуруш бўлиб, у Журжонийнинг одамларидан 3 кг атрофида мариҳуанани хорижга олиб бориб сотиб келишни ўз зиммасига олган ва бунинг учун уй-жойи ҳамда оиласини гаровга қўйган экан. У маълум муддат ўтгач бориб келган бўлсада, бу ҳақида ҳали ҳам ҳисоб бермай, яшириниб юргани маълум бўлиб қолибди.
Бундан хабар топган бошлиқнинг жиғибийрони чиқди ва кўз олдида машқ қилаётган Нормуродни ёнига чақириб унинг гуруҳига шу ифлоснинг ё ўлигини, ё тиригини топиб келишни буюрди. Нормурод бошлиқдан илк бор бундай жиддий мустақил топшириқ олди. Бундан хабар топган Раҳматилла "Бу овсарнинг қўлида ҳеч вақо келмайди, ҳали" деб кулиб қўя қолди.
Карим ана мана шу вазиятдан фойдаланиб қочиб қолишлари мумкинлигини дўстининг қулоғига аста шипшиди. Аммо Нормурод кўнмади.
– Йўқ Карим, – деди у жиддий, – биз аксинча бошлиқнинг янада ишончига кириб, ўз атрофимизга яхши йигитларни тўплаймиз. Кейин лагер ичкарисидан зарба беришга ҳаракат қиламиз. Бу уларни енгиш учун бизникиларга ёрдам бўлади.
Карим ҳам ниҳоят дўстининг фикрини маъқуллади. У ҳам энди машғулотларда кўтаринки кайфият билан қатнаша бошлади.
Албатта, гуруҳ таркибида бошлиқнинг "қулоқлари" ҳам борлиги маълум эди. Шу туфайли икки дўст бошлиқнинг топшириғини "синов иши" деб қабул қилишди.
Нормурод ўз тактик режасини амалга оширишда гуруҳидаги ғирт каллакесар, ислом учун ўта фидойи бўлган мужоҳидлар билан гўё "бамаслаҳат иш " юритди. Натижаси ёмон бўлмади. Мужоҳидларнинг ҳаётий тажрибаси, қочқин Ҳидирматни ушлаш ва ундан оғунинг катта миқдордаги пулини ундиришда қўл келди. Уларнинг маслаҳатига кўра гуруҳ иши Ҳидирматнинг қария отаси ва оила аъзоларини гаровга олишдан бошлашди. Ҳидирматнинг акаси Аширматга бир кун муҳлат берилди. Аммо у укасини тополмаганини айтди. Шунда мужоҳидлар ҳеч иккиланмай унинг кўз ўнгида қариянинг томоғига пичоқ тортишди. Нормурод билан Каримнинг эслари оғиб қолаёзди. Яхшиямки қора ниқоблари бор эди. Уларнинг дил изтироблари сезилмади. Шундан сўнгина Аширмат Ҳидирматнинг яширинган жойини маълум қилди. Уни қийинчиликсиз тутиб келишди.
Шундай қилиб Нормурод бошчилигидаги жангарилар гуруҳи Журжонийнинг лагерига айбдор ва унинг катта миқдордаги пули билан кириб келишди. Бошлиқ топшириқни аъло даражада бажаргани учун Нормуроддан беҳад хурсанд бўлди ва Нормурод лагерда яхши мавқега эга бўлди. Бу ҳол Раҳматилланинг алами кучайишига ҳам сабаб бўлди.
Аммо бошлиқ Ҳидирматни ўлимга маҳкум қилмади. Бундан котиб Худоёрхон ажаблангандай бўлди.
– У ҳали жиҳод учун, Аллоҳ учун хизмат қилади.
– Қандай қилиб? – сўради котиб.
– Ундан ҳалиги нима дейди, пайти келганида "камикадзе" сифатида фойдаланамиз.
– Кўнмасачи?
– Кўнмай қаёққа борарди. Мен ундан ҳеч бўлмаса муштдеккина жонини Аллоҳ йўлига бахшида қилишини илтимос қиламан холос, – деди Журжоний айёрона ва тўсатдан ҳо-ҳолаб кулиб юборди. Кулгуси шундай жарангдор эдики, ҳатто стол устида турган чилим ҳам қимирлаб, устидаги эндигина тутай бошлаган наша пояси сочилиб тушди.
– Демак ҳаётида бир марта бўлсаям "яхшилик" қилиб кетар эканда-а? – деди котиб ва у ҳам "ҳе-ҳе"лаб кулиб қўйди.
