- •Набижон ҳошимов «чаёнлар сўқмоғи»
- •Сўзбоши
- •Биринчи қисм "зира ҳиди"
- •1 Боб. Алданганлар
- •II боб. Таҳликали дамлар
- •III боб. Ўғил изидан
- •IV боб. "боевиклик"
- •V боб. Тутқунлик
- •VI боб. Ажал уяси
- •VII боб. Ватанга қайтиш
- •VIII боб. Ҳеч ким кутмаган кун
- •Иккинчи қисм "мужоҳидлар изидан"
- •X боб. Муҳаммад овчи
- •XI боб. Мужоҳидлар изидан
- •XII боб. Салом бадахшон!
- •XIII боб. Булутларни қолдириб доғда
- •Учинчи қисм "чаёнлар сўқмоғи"
- •XIV боб. Орзулар ушалганда
- •XV боб. Хавотирли ҳудуд
- •XVI боб. Сўқмоқлар бўйлаб
- •XVII боб. Эллик долларли эшак
- •Хотима ўрнида
- •2003–2012 Йиллар
Хотима ўрнида
Нормурод Тўйчиев МҲХ таркибида сидқидилдан хизматни давом эттирди ва 2011 йилларга келиб майор унвонига эришди. Уни пойтахтга, бошқармага ишга олишди.
Кунлардан бир куни ички телефондан унга полковник Бахтиёр Тўраев қўнғироқ қилиб қолди:
– Нормурод!...
– Эшитаман, ўртоқ полковник.
– Тожикистон чегарасида яна бир одам героин билан қўлга олинганмиш. Кукун унинг ошқозонида экан. У терговчига "юк"ни Қўқонга, Қоракўз исмли лўли аёлга олиб кетаётганини тан олибди. Ўша аёл эсингиздами?
– Ҳа-ҳа, ўртоқ полковник, эсимда. Демак энди Қоракўзни қўлга олиш чорасини кўрамизми?
– Ҳа, у ҳаддидан ошиб кетганга ўхшайди. Лекин у жуда муттаҳам аёл. Эҳтиёт бўлинглар. Фақат ашёвий далиллар, гувоҳлар иштирокида қўлга олиш чоралари кўрилсин.
– Хўп бўлади, ўртоқ бошлиқ!
– Ишнинг қандай кетаётгани билан мени хабардор қилиб туринг.
– Бажарилади, ўртоқ бошлиқ!
Бошлиқ гўшакни қўйиб қўйди. Нормуроднинг кўз олдига бундан уч йил аввал гўдаги билан қўлга олинган ўша аёл келди. Ўшанда Нормурод Андархон божхона постига хизмат юзасидан борганди. Чегарадан ўтиш жойидаги навбатда турганлар орасида бир лўли кишининг қўлида йўргакка ўроғлиқ бир гўдак бўлиб, у шундай қаттиқ безовта йиғлардики, одамлар раҳми келиб уни навбатсиз ўтказиб юбормоқчи бўлишди.
– Намунча?.. Бу боланинг онаси қани? – сўради ходима.
– У касалхонада, бетоб, – деб қўйди гўдак кўтарган киши.
– Қорни очган уни! Овқат беринг. Сут йўқми, сут? – Қичқирди орқароқда турган бир лўли аёл.
– Уларни тезроқ ўтказиб юборинглар! – деди биров.
– Менинг сутим бор. Беринг, эмиза қолай, – деди ҳалиги қичқирган аёл.
– Ҳа-ҳа, бўла қолинг, сиз ҳам ўтинг, опа, – деди гўдак қичқириғи жонига теккан ходима ва уларни текширувсиз ўтказиб юборди.
Аёл гўдакни қўлига олди ва ҳалиги киши билан шошиб ўтиб кетишди. Уларни бир енгил машина кутиб турган экан, ўтиришдию жўнаб қолишди.
Нормурод ходимани бир четга чақирди.
– Нега гўдак ва аёлни кўздан кечирмадингиз?
– Вой нималар деяпсиз? Одамлар гўдакдан фойдаланишмаса керак. Бунчалик паст кетишмас-е...
– Нима, жиноятчи оғуфурушларнинг жуда пасткаш эканидан хабарингиз йўқми? Бу ишингиз учун сизга нисбатан маъмурий чора қўлланилади. Айтиб қўяй, бу сафарча огоҳлантириласиз.
Шундан сўнг Нормурод чегарадан ўтиб кетган гўдакли киши изидан тушиб кейинчалик сут бермоқчи бўлган аёл у билан шерик экани ва унинг исми Қоракўз эканини аниқлади. Лекин улар қўлга олинмади, балки арқонни узун ташлаб қўйилди...
– Эҳ Қоракўз, Қоракўз..., – дея пичирлади Нормурод ўша воқеани ёдига олиб. – Бу сафар энди қутулолмайсан!
Шу маҳал эшик тиқиллади ва лейтенант Зокиров жиддий қиёфада пайдо бўлди.
– Рухсат этинг, ўртоқ майор!
– Рухсат, – деди Нормурод хаёли бўлиниб.
– Бекобод ҳудудида бир қонунбузар, чегара бузувчи автомашина қўлга олинибди.
– Хўш-хўш?
– Унда бизнинг республикадан Тожикистонга олиб ўтилаётган контрабанда юк бор экан.
– Нима экан?
– Цемент.
– Нима, цемент?! ...Уни қаёққа олиб кетишаётган экан?
– Қурилаётган янги Роғун ГЭСига дейишди. Нима қилайлик? Одатдагидек юкни мусодара қилиб, жаримага тортаверайликми?
– Қонунбузарлар кимлар экан?
– Ўзбекистон фуқаролари.
Нормурод тўсатдан жаҳл билан ўрнидан туриб кетди.
– Нима дедингиз?! Ўз фуқароларимиз эканми?!.. Ахир қандай қилиб?!.. Бу ахир, хоинлик-ку!
Лейтенант ажабланди:
– Нега энди, ўртоқ бошлиқ? Унчалик эмас-е, оддий цемент-ку...
– Йўқ-йўқ, у стратегик хом ашё ҳисобланади, – деди Нормурод бир вақтлар Сурхоб дарёсининг соҳилида Муҳаммад овчи, Бахтиёр Тўраевлар билан бўлган ўзаро суҳбатни эслаб қизишиб кетди. – Бу оддий савдо-сотиқ эмас, ҳозирги пайтда цементнинг ҳар бир килограммини чегарадан Тожикистонга ноқонуний олиб ўтган юртдошимиз ватан хоини ҳисобланади! Чунки цемент ёрдамида қад кўтараётган ўша Роғун ГЭСи бутун Марказий Осиё халқлари учун хатарли. Бу ГЭС оқибати ўйланмай тез-тез зилзила бўлиб турадиган хавфли жойга қурилмоқда. Худо кўрсатмасин, мабодо тўғон ўпирилиб кетгудек бўлса 330 метр баландликдаги сув уммони 4000 метр тоғ тепасидан 480 км тезлик билан тушиб келиб йўлида дуч келган бошқа тўғонлар, қишлоқларни вайрон қилади. Неча минглаб одамлар бемаъни нобуд бўлишади. У ГЭС эмас қирғин келтирадиган қуролдир! Айтинглар, чегараларимиздан бир кило ҳам цемент ўтказилмасин! Бу буйруқ!
– Хўп бўлади, ўртоқ бошлиқ. Лекин бу билан ГЭС қурилишини тўхтатиб бўлмайди-ку.
– Ҳа, бўлмайди. Аммо билиб қўйинг, бизнинг цементимиз халқимизга қарши қаратилган қурол бўлиб хизмат қилмаслиги керак. Майли, у кўприк бўлсин, бошпана бўлсин, одамлар учун хизмат қилсин. Аммо унинг одамлар ҳаёти учун хавф солишга биз ҳеч қачон йўл қўёлмаймиз. Шунинг учун анави қонунбузарларни ватан хоини сифатида расмийлаштиринглар, токи бошқаларга ўрнак бўлсин, тушунарлими?
– Тушунарли, ўртоқ бошлиқ!
– Сизга рухсат.
Ҳайратланган лейтенант чиқиб кетди. Лекин майор Нормурод Тўйчиевнинг қалбида ғашлик пайдо бўлди. Юраги сиқилди. Балкон эшигини очиб баҳор ҳавоси гупурлаб уфуриб турган айвонга чиқди. Сайлгоҳ депарасига экилган гилослар қийғос гуллабди. Шаҳарда баҳор гўзаллиги ўз тароватини кўз-кўз қиларди. У чуқур нафас олди. Димоғи бир таниш ҳидни туйгандек бўлди. Бу ўша чегара қишлоқ – Қорабулоқ тоғларидан уфуриб турадиган зира ҳидига ўхшаб кетарди. Нормурод тушунди. Бу ўзгача ҳид – осойишта ва беғубор Ватан ҳиди эди...
...Қўл телефонининг овози унинг фикрини бўлди. Гулбиби экан:
– Алло, дадаси.
– Ҳа, лаббай.
– Бугун ўртоғингиз Иброҳим аканинг туғилган куни-я, эсингиздами?
– Э, шунақами?
– Оилавий бормасак, Сарвигул хафа бўлади.
– Ҳа-ҳа, бўлмаса тайёргарлик кўраверинг. Иброҳим бешбармоқни яхши кўради. Ўғлимиз, кейин қизчамиз Ойгулниям яхшилаб кийинтиринг, хўпми?
– Хўп. Айтмоқчи, Сангибек келувди. Гармчашмадан хонбалиқ юборишибди, Бахтиёр аканиям таклиф қилиш ёдингиздан чиқмасин-а, дадаси?
– Хўп-хўп. Унда биз бирга ўтамиз. Сиз болаларни олиб бораверинг, Сарвигулга қарашиб юборинг, хўпми?
– Айтмоқчи, Қўқондан Аҳрор ўртоғингиз ҳам қўнғироқ қилиб салом айтди. У ҳам ҳозир довонда келаётган бўлсалар керак.
...Нормуроднинг юрагини ғашлик туйғуси бутунлай тарк этди ва Аҳрорни эслаб "Яна чанқагандирда..." деб мийиғида кулиб қўйди.
Тамом!
Фарғона–Тошкент,
