Добавил:
Upload Опубликованный материал нарушает ваши авторские права? Сообщите нам.
Вуз: Предмет: Файл:
fayl_Chayonlar_so`qmog`i.docx
Скачиваний:
0
Добавлен:
01.07.2025
Размер:
854.61 Кб
Скачать

XI боб. Мужоҳидлар изидан

Муҳаммад овчи бир ўсмир ўғли билан истиқомат қиларкан. Мужоҳидлар бостириб келган ўша машъум тунда ота-бола тоғда бўлишган. Басавлат овчининг чуқур қайғу-алам билан оиласи ҳақидаги ҳикоясини эшитган Гулбиби йиғлаб юборди. Уларни мусибат яқинлаштирган эди. Кўп ўтмай Гулбиби овчининг ўз қизидай бўлиб қолди. У елиб-югуриб уй ишларини қилар, эркаклар бўлса, ов қилиш баҳонасида қишлоқ ва қўтонларга атайин янги маълумотлар олгани чиқиб кетишарди. Кечга яқин яна дастурхон атрофида тўпланиб, йиғилган маълумотларни таҳлил қилишар, режалар тузишарди. Гулбиби мазали овқатлар пишириб берарди. У ҳам кундузлари тез-тез булоқ бошига сув олгани бориб қирғиз ва тожик аёллардан янги-янги маълумотларни олишга ҳаракат қиларди.

– Бадахшонда жудаям баланд тоғлар бормиш. У ерларга одам боласи чиқа олмасмиш. Лекин у ердаги дараларда кўкнори экилармиш. Кўкнорини афғонлар эктиришармиш. Етилгандан сўнг ўзлари олиб кетишармиш, – деди Гулбиби топиб келган янги гапни дастурхон қилиб.

– Бадахшон узоқми? – деб сўради Нормурод.

– Йўқ, – деб жавоб берди Муҳаммад улкан суякнинг илигини қоқаркан. – Эшак билан тўрт кунлик йўл. Қизилсув дарёсидан у ёғи Бадахшон, Тожикистонга қарайди. Улар тожик ҳам, қирғиз ҳам, афғон ҳам эмас, бошқа бир халқ. Уларни Исмоилийлар ҳам дейишади. Пирлари Оғахон деган бадавлат киши. У Афғонистонда яшайди.

– Эҳ-ҳе, рости биланми? Бу жуда зўр хабар-ку!

– Нимаси зўр экан? Буни ҳамма билади-ку!

– У ердан Афғонистонга ўтса бўладими?

– Бўлмасамчи, афғонлар осмондан тушмайди-ку!

Нормуроднинг кўз олдида бир нима "ярқ" этиб ёнгандай бўлди.

– Бу ҳақида нимага вақтлироқ айтмадингиз?

– Ҳой, гаранг. Мен сенинг каллангга келган гапни қаёқдан билай? – деди овчи қизишиб.

Нормурод ўрнидан туриб кетди. Ўзича ҳаёл қилиб бир нималарни режалаштира бошлади.

– Ҳой бола! У ер сен ўйлаганчалик осонгина борадиган жойлар эмас. Ҳозир эшитдингку, "одам боласи бора олмайдиган" деб.

– Унда афғонлар борар эканку, бадахшонликлар яшар экан-ку!

– Уларнинг йўриғи бошқа. Улар тоғ одамлари. Сенга ўхшаб пахтани ичида туғилиб, бодринг палагида пишиб қолмаган.

– Тушунмадим, ахир кўкнори бу наркотик дегани, наркотик бу жуда қиммат туради, унга қурол-яроқ алмашишади, портловчи моддалар сотиб олишади. Неча-неча одамлар ҳам қуролдан, ҳам наркотик истеъмол қилганидан ёстиғи қуримоқда. Мужоҳидларнинг асосий бойлик манбаи ҳам ана шу. Бундан ташқари, бизга ўтиб келаётган душманлар менимча шу томондан келишмоқда.

Муҳаммад овчи ҳам энди жиддий ўйланиб қолди.

– Мен бу йўлни тахминан биламан, – деди у тўсатдан бепарволик билан.

Нормурод "дод" деб юборай деди.

– Билсангиз, нега жим ўтирибсиз, айтмайсизми?!

– Сен мендан уни сўрадингми ўзи, қизталоқ! У йўл сен ўйлаганчалик осон йўлмас, деяпманку! Ундан юриш учун махсус тайёргарлик керак, кейин яхши альпинист бўлишинг керак, билдингми!

– Тайёргарлик кўрайлик бўлмаса.

Овчи ўйланиб қолди.

– Махсус кийимлар ҳам, арқонлар ҳам керак. Уларни қаердан оласан?

– Марказдан, у ерга хабар қиламиз, ташлаб кетишади.

– Яхши, бўлмаса эртадан бошлаб тик қоятошларга чиқиб-тушишни, тоғ шароитида жанг қилишни машқ қиламиз.

– Иброҳим байке ҳам тузалиб қайтиб келар, – деди Гулбиби.

– Тўғри, лекин у ярармикан? Тошлардан-тошларга сакраб, осилиб чиқа олармикан?

Даврадагилар бир сония жим қолишди.

Эртасига янги маълумотлар ҳақида марказга хабар қилинди. У ердан альпинизмга оид махсус кийим ва анжомлар сўралди. Бир ҳафтадан сўнг сўралган нарсалар, бир ойлик озиқ-овқат, уст-бош, керакли қурол ва АҚШ, Қирғизистон, Россия ва Афғонистон пулларидан ҳам кундалик эҳтиёж учун юборилди. Энг муҳими Иброҳим – "Карим" ҳам даволаниб қайтиб келди. Лекин яраси ҳали тўлиқ битмаган, бир қўли бўйнига илиғлиқ бўлсада, руҳан тетик эди. Нормуроднинг уйидан хат ҳам бор экан. Ота-онаси икки ёшга бахт ва омад тилашибди. Сапарқул ака анча ўзига келиб қолганмиш. Гулбибининг акаси Россиядан келганмиш ва уларга қараётганмиш. Сарчинорда бўлса диний-экстремистик оқимга кириб кетганларнинг баъзилари қамалганмиш, кўпчилиги давлатдан узр сўраб янглишиб кириб қолганликларини тан олишганмиш, уларни авф қилишганмиш. Мужоҳидларнинг Қирғизистондан қувиб чиқазилганини ва уларни енгилаётганини, Жума Намангонийнинг ҳалок бўлганини эшитиб одамлар хурсандмиш. "Ҳа, Раҳматилла ҳақида эшитишса янаям хурсанд бўлишар", – деб қўйди хаёлан Нормурод хатни ўқиб тугатар экан.

Энди унинг бутун фикри-ўйи Бадахшон тоғларида бўлиб қолди. Керакли нарсаларни олишгач, тоғдаги машқлар янгича тус олди. Бу жуда катта жисмоний меҳнат ва спорт маҳоратини талаб қиларди. Гулбиби спортчи қизлардан бўлгани учунми машқларни тез ўзлаштира борди. У чаққонлик билан тик қояларга чумолидек ўрмалаб чиқиб олишга ва хавфсизлик чораларини кўришга анча уста бўлиб қолди. Нормурод ҳам ундан қолишмасликка ҳаракат қиларди. Лекин Муҳаммад овчи басавлат, оғир ва кексайиб қолгани учун тез чарчаб қолар, оёғи сирпалиб кетаверарди.

– Мен ярамайман, шекилли, – деди у ниҳоят тан олиб, – ёшим ўтиб қолибди.

– Наҳотки айланиб ўтиб бўлмаса?!! – деб сўради уларни четда кузатаётган Иброҳим!

– Бўлади, лекин мен айтган жойларга бориб бўлмайди. Эҳтимол, Афғонистон томондан йўл бордир, билмадим.

– Вертолёт бормайдими?

– Йўқ. У баландликка вертолёт чиқа олмайди. Чунки кислород етишмайди. Босим ҳам кам. Кейин мамлакатлар ўртасида гап-сўз кўпаяди.

– Жуда баланд экан-да-а? – деди Нормурод суҳбатга аралашиб.

Нормуроднинг хаёлидан бир гап кечарди. "Иброҳим – "Карим" ролини ижро қилиб юриши шартмикан? Бизнинг Афғонистонга боришимиз-чи? Ҳай, майли, кўраверайлик-чи! Эҳтимол вазиятта қараб янги топшириқлар олармиз".

Муҳаммаднинг хаёлида эса бошқа ўй кечарди: "Иброҳим байке қийналиб қолмасмикан? Унинг ўрнига бошқа бирор спортчи йигит беришса бўлармиди? Ҳай майли, бу ёғи уларнинг иши...".

Иброҳим ҳам машқларда қатнашиб кўрди. Унинг айтишича альпинизмдан бошқа спортнинг дунёдаги барча турларини ўрганган эмиш. Айниқса, шахматни яхши ўйнармиш.

– Бу яхши. Демак, тактикани яхши биласиз, – деди овчи ҳазил қилиб.

– Ҳа, шунинг учун мен қояга охирида чиқаман, яъни тортиб оласизлар.

Кулишиб олишди.

– Йўқ, менинг охири чиққаним маъқулроқ, – деди овчи, – чунки мени вазнимни фақат уч киши кўтариши мумкин.

– Ҳа, қийин бўлади. Чунки сизни эшак ҳам кўтара олмайди.

– Лекин учта эшак кўтара олади, – дея кулиб юборди овчи. Аммо жиддий ўйланиб қолди ва бир оз ўтгач соқолини қашлаб хижолатнома гап бошлади. – Мен сизлар билан дунёнинг у четига ҳам боришга тайёрман..., – деди у бир хўрсиниб олиб. – Лекин ўғилчамнинг аҳволи не кечади? Уйдаги мол-хол, от-эшак дегандек. Мободо менга бир гап бўлса-чи?...

– Ҳа, сизга ҳам кийин экан, – деди Нормурод тасалли бериб.

– Бизни манзилга элтиб қўясиз-да қайтаверасиз, – деди Иброҳим.

– Ўша манзилга етишнинг ўзи бўлмайди-да, ука. Биз деярли булутлар орасидан ўтиб боришимиз керак бўлади. Боришга-ку бирга бўлсак, қайтишгачи?...

– Ҳа, тўғри. Бу ҳақда ўйламабмиз.

– Алоқачи, бўладими? – сўради яна Иброҳим.

– Бўлса керак. Яна худо билади...

– Унда сиз бизни эшаклар юра олгунга қадар олиб бориб, сўнг изингизга қайтаверасиз.

– Ахир мен қасос олишим керак-ку! – деди овчи муштларини тутиб.

– Сиз учун қасосни мана биз оламиз. Сизга ҳам телефон қолдирамиз. Шу ерда туриб биз билан алоқа қиласиз.

– Маъқул. Эссиз... Биттаю битта синглим бор, лекин эри қурғур пияниста. Тузукроқ одам бўлганида эди, меникида яшаб туришармиди!...

– Хижолат бўлманг, имкониятингизга қаранг, – деди Нормурод далда бериб.

– Хафа бўлмайсизларми?

– Йўқ.

Шундай дедию ўғли билан яна бир бор маслаҳатлашиб кўришни кўнглидан ўтказди. Ўғли Музаффар балоғатга етиб, кўп нарсаларга ақли етадиган бўлиб қолган, қолаверса, келган меҳмонларнинг суҳбатида бўлиб анча-мунча гаплардан воқиф бўлмоқда эди. Унинг ҳам ёш юрагида онаси ва опаси учун қасос олиш алами ўчмаган, кексайиб қолган отасига раҳми келар, чорва ва уй юмушларига қарашиш учун бир ўзи югуриб-еларди. Қани энди имконият бўлсаю у ҳам бора олса... Лекин наилож, отаси кўнмайди: "Ҳали ғўрсан" дейди.

Муҳаммад овчи ҳар хил ўйлар билан ўчоқ бошида қозон тагига ўт ёқиб уймалашаётган йигитчанинг олдига борди. Ўғли уни тушундими, ўтириш учун дарров бир пўстакни тўшаб берди.

– Ўғлим, анави меҳмонларни қанақа одам эканликларини англагандирсан-а?

– Ҳа, ота.

– Лекин бу ҳақда ҳеч кимга "миқ" эта кўрма, хўпми?

– Нега энди, ота?

– Улар давлат одамлари. Мужоҳидларнинг додини беришмоқчи. Мени ҳам ўзларига шерик қилиб олишмоқчи.

– Қўшилаверинг.

– Сен-чи?

– Катта бўлсам, мен ҳам қўшиламан.

– Ҳа, баракалла, ўғлим! Қани энди каттароқ бўлганингда эди, улар билан жўнатган бўлардим.

– Қаёққа?

– Сафарга, узоқ сафарга...

– Ҳозир ҳам боравераман.

– Йўқ, ҳали ғўрсан. Мактабинг бор. Иннайкейин урушни ўйинчоқ деб ўйлайсан, йўлни ҳам билмайсан.

– Сиз-чи, биласизми?

– Ҳа.

– Улар-чи?

– Йўқ.

Боланинг кўзлари катта-катта очилди:

– Бўлмаса улар билан борақолинг.

– Сен-чи? Бир ўзинг қийналиб қоласанку?

– Эпларман. Ўртоғим Мамарозиқ билан бирга тураверамиз.

Отанинг кўз ўнгида уйларига тез-тез келиб-кетиб ўғлига қарашиб юрадиган бир етим бола намоён бўлди. Унинг ота-онаси ўлиб кетган, ўзи аммасиникида яшарди.

– Яхши. Лекин... – дея ўйланиб қолди мўйсафид "Менга бир нима бўлса-чи?" деб юборишдан ўзини аранг тийиб қолди. Ўғли буни тушунгандай хавотирли савол назари билан қаради, – Лекин ўртоғингга айт, қорабайиримизни ҳадеб минавермасин, хўпми?

– Ўзингиз-чи, нимани миниб кетасиз?

– Бизлар эшакда борамиз. У томонларга фақат эшак билан бориш мумкин, холос. Юкимиз ҳам бўлади. Эртага бозордан битта хачир, иккита эшак сотиб оламиз. Уларни ва бизники билан еттита бўлади.

– Эҳ-ҳе, унда катта карвон бўларкансизлар-да-а! – деди Музаффар кулиб.

– Ҳа. Зўр карвон бўлади, – деди отаси ўйчан.

Хуллас ота-бола келишишди. Ота кетадиган, бола эса қоладиган бўлди. Нормуродларга бу ҳақида айтмай қўя қолишди. Қайтадими йўқми, вазиятга қарайди. "Ҳарҳолда манзилгача бирга борганим дуруст. "Булар ҳам ғўрроққа ўхшайди"... – дея кўнглидан ўтказди овчи.

Соседние файлы в предмете [НЕСОРТИРОВАННОЕ]