Добавил:
Upload Опубликованный материал нарушает ваши авторские права? Сообщите нам.
Вуз: Предмет: Файл:
fayl_Chayonlar_so`qmog`i.docx
Скачиваний:
0
Добавлен:
01.07.2025
Размер:
854.61 Кб
Скачать

Набижон ҳошимов «чаёнлар сўқмоғи»

(ўткир сюжетли роман)

Тошкент – 2012

Мазкур асарда мустақил Ўзбекистон республикасига таҳдид солган ички ва ташқи ғанимларнинг фаолияти, ҳаётда адашиб юрган баъзи ёшларнинг аянчли қисмати, Марказий Осиё халқлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ҳамда умумий душманга қарши ҳамжиҳатлик билан олиб борган курашлари, ёшлар ўртасидаги она-Ватан ва севимли ёрга бўлган самимий муҳаббат туйғулари бадиий бўёқлар ҳамда саргузаштли воқеалар тарзида қизиқарли баён этилган.

Уни мутолаа қилар экансиз, ўзингизни асар қаҳрамонлари билан бирга юртимизнинг мафтункор табиатини, қолаверса, Ўзбекистон сарҳадларидаги кўркам тоғлардан уфураётган зира ҳидларини ҳис этасиз. Афсуски, яқин ўтмишда бу гўзаллик замирида мамлакатимиз ва қўшни ҳамдўстлик давлатларининг барқарорлиги учун умумий хавф бўлгани ёдингизга тушади. Ҳозирги тинч ва осойишта кунларга етишиш, мустақилликни асраш юртдошларимиз учун осон кечмагани, балки ватан хоинлари ва душманлари билан муросасиз кураш олиб борилганига яна бир бор амин бўласиз.

Асар Ўзбекистон озодликка эришгач, эндигина тараққиёт сари дадил қадам ташлаётган даврда бўлиб ўтган реал тарихий воқеаларга асосланган бўлиб, у муаллифнинг бадиий тўқималари билан янада бойитилган.

Маслаҳатчи: Мизроб БЎРОНОВ – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими.

Тақризчилар: Ориф ФАРМОН – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, адиб;

Ойбек ВЕЙСАЛ ЎҒЛИ – кинорежиссёр, санъатшунослик фанлари номзоди.

«Бизга тинчлик ва осойишталик керак. Биз ҳар бир оиланинг тинч тотув яшаши тарафдоримиз ва шунга интилаётган, шуни таъминлайдиган сиёсатни қўллаб-қувватлаймииз».

ИСЛОМ КАРИМОВ

Сўзбоши

Жуда янги гап бўлмасада, ота-боболаримиз, кекса онахонларимиз оғзидан тушмайдиган, йиллар, асрлар давомида муқаддас дуо бўлиб такрор ва такрор айтилиб келаётган бир ҳикматни ички бир хўрсиниш ва ёлғиз Яратганнинг ўзига шукроналик билан айтиб, қўлингиздаги китобни ўқигандан сўнг хаёлимдан кечган ўй-хаёлларни сиз билан ўртоқлашмоқчиман. "Илоҳим, дунёмиз тинч бўлсин. Юртимизни турли бало-қазолардан Аллоҳнинг ўзи асрасин!"

Дарҳақиқат, инсон учун, қолаверса дунёдаги жамики жонзод учун озодликдан кўра қадрлироқ нарса йўқ дунёда. Қафасга солсанг қуш ҳам, йиртқич йўлбарсу бир чимдим жони бўлган ҳашарот ҳам талвасага тушиб, ўзини қафаснинг тўрт деворига ура бошлайди. Фақат қўрага қамаб ёки бўйнидан арқон билан боғлаб, текин овқат берсанг мол, қўй бемалол ўт, ем еб, семириб ётаверади. Чунки у текин овқат еб, эртага бўйни пичоққа етишини билмайди. Аммо бировнинг қўлидан емиш ея бошлаган, ўз ҳалол меҳнати билан емиш топмай нопок йўл билан томоқ алдаган онгли мавжудот билмоғи керакки, албатта бир куни унинг ҳам томоғига пичоқ келиб санчилади.

Жоннинг жисмдан ташқарида ватани бўлмаганидек, ақли расо одамнинг туғилиб ўсган, тупроғидан, дов-дарахтларидан, бетакророна табиатдан қувват, ноз-неъматларидан озиқ олган Ватанидан ўзга ватан бўлмайди.

Инсонда Ватан битта бўлади. Ватан бу мен ва сен учун ҳаётимиздаги ҳамма нарса, умримизнинг мазмуни, ҳаётимизнинг маъни ва маъносидир. Ватан бу – сархил ифорлари билан дилингни сархуш қилган меҳр сарчашмаси, димоғингга ором берган турфа гуллару, боғ-роғлар, оёғингга чирмашиб санчилган тиканлар, ғижир-ғижир тошчалардир. Ватан бу – ота-боболаримизнинг хоки ётган муқаддас тупроқ. Биз эъзозлайдиган жамики қадрли нарсаларнинг макони.

Бу дунёда нафас олаётган жонзод борки ўз Ватанини ҳимоя қилади. Ҳатто, қушлар ҳам полопонлари чуғурлашиб ётган инини турли ёвуз ниятли мавжудотлардан асрайди. Ер юзининг қайсидир ҳудудларида яратилган иқтисодий шароитларни деб ўзга юртда яшаш эса, бу – вақтинчалик умргузаронлик қиладиган бегона макондан бошқа нарса эмас.

Ватандан ўпкалаб бўлмайди. Ватанга қўл кўтариш онага қўл кўтариш каби нобакорликдир. Ватанга хоинлик қилиш, ўзи танасидан ажралиб чиққан онага хиёнат қилишдан ҳам ёмон жиноятдир. Чунки Ватан онанинг ҳам, улуғ момоларимизнинг ҳам Онасидир.

Ватандан таъма қилиб бўлмайди. Ватандан ниманидир талаб ҳам қилиб бўлмайди. Бу – Онанинг кўкрагидан ҳаётбахш сутни симириб, вужуд тоғни урса талқон қиладиган даражага етиб, қирққа киргандан кейин ҳам Онадан кўкрак талаб қилган мисоли ғаламисликдир.

Инсон улғайгач, меҳнат қилиб ота-онасига нон-насиба олиб келгандек, Ватанини севган ориятли фарзанд унга беминнат хизмат қилади, гўшаларини обод қилади, ёмон кўзлардан асрайди. Яхши ниятли одамлар ота-боболарининг хоки ётган тупроқни оёқости қилинишига мутлақо йўл қўймайди. "Ватанга жон садақа! Бу Ватан меники, шу азиз тупроқдан яралдим, унинг ноз-неъматларидан симириб улғайдим, ақлимни таниб, одам бўлдим. У мени ардоқлаб, вояга етказди. Мана шу муқаддас заминда ота-боболарим яшаб ўтган, бугун мен, ота-онам, фарзандларим, мен севган ва мени севган ёри биродарларим, ватандошларим яшайди!" деган улуғ туйғу Ватанини сидқидилдан севган ҳар бир ақл-ҳушли инсоннинг юрагидан чуқур жой олиши ва уни ўқтин-ўқтин тўлқинлантириб туриши бу қадим дунёда исбот талаб қилмайдиган ҳаёт ҳақиқатидир!

Азиз китобхон! Сиз қўлингиздаки китобни ўқир экансиз, ҳеч шубҳа йўқки, албатта хаёлингиздан ана шу ва ундан ҳам кўп фикр-ўйлар кинофильм тасмасидек тизилиб ўта бошлайди. Чунки Сиз китоб ўқияпсиз. Китоб ўқиган инсоннинг тафаккури бой, фикрлаши тиниқ, Ватанга муҳаббати чексиз бўлади. Китоб ўқиган инсон эзгулик нурлари қалбига йўғрилган инсондир. Ёмонлик қилиш, одамларга, жонзодларга озор бериш фақат китоб ўқимайдиган ёвуз кишиларга хосдир.

Юртимизнинг гўзал ва мафтункор гўшалари жуда кўп. Баъзан уларни кўргинг, гўзал табиатидан баҳра олгинг келади. Бир гали мен Тангри халқимизга гўзаллик инъом этган ана шундай гўшалардан бири – Бўстонлиқ туманидаги тоғ қишлоқларидан Бурчмуллода истиқомат қиладиган танишимнинг уйида бўлдим. Танишимнинг уйида кичикроқ бир маросим бўлаётган эди.

Маросимга кекса отахонлар, ёшлар ва ўрта ёшдаги эркаклар йиғилгандилар. Тадбирда дунёдаги нотинчлик, давлатимиз раҳбарининг тўғри ва оқилона иш олиб бораётганлигидан шукр қилиб, юртимиздаги тинчлик-осойишталик, маъмурчилик, қолаверса шаҳар-қишлоқларимизнинг кундан-кун обод бўлиб, одамлар, оилаларнинг яшаш шароитлари тобора яхшиланиб бораётганлиги, қишлоқнинг кунчиқар томонидаги тоғ ортида яшаётганлар бўлса, бизга ҳавас билан қарашлари, у томонларда умуман ривожланиш ортда қолиб кетганлиги, уларда замона нотинч бўлиб қолганлиги ҳақида қизғин гап борди.

Одатдагидек, маросим якунида дуои фотиҳага қўл очишдан олдин, давра тўрида ўтирган, тўқсонни қоралаб қолган отахон суҳбатга якун ясади:

– Юртбошимиз Ислом Каримовнинг давлатимизда Бош бўлиб туриши Яратганнинг бизларга қилган беҳад иноятидир. Бу инсон бизларни жуда ёмон, хавфли кунлардан эсон-омон олиб ўтдилар. Ёдларингизда бўлса тўқсонинчи йилларда бошимизга не-не қаро кунлар тушиши мумкин эди. Худо ярлақаган бу инсон бизларни нақд аждарҳонинг оғзидан олиб чиқиб кетди, – деди отахон ва кафтларини дуога очди:

– Илоҳим юртбошимизнинг умрлари узоқ бўлсин! Кўп йиллар бошимизда турсинлар. Юртимиз тинч, хонадонларимиз обод, дастурхонларимиз тўкин бўлсин! Давлатимизга кўз тегмасин! Илоҳим, мана шу тинч, осойишта, кундан-кун обод бўлиб, қувватга тўлиб бораётган азиз юртимизда баҳра олиб, чопқиллаб юрган набира-ю абираларимиз бошида Ислом Каримовдек доно йўлбошчи турсин! Омин!"

Ҳамма чин юракдан "Омин!!!" дея қўлларини юзларига тортди.

Энди юқоридаги фикр-мулоҳазаларни ғужғон ўйнатган қўлингиздаги "Чаёнлар сўқмоғи" деб номланган китобнинг мавзуси, шиддатли, таҳликали воқеалар ва қаламга олинган давр ҳақида айрим мулоҳазаларга тўхталсам.

Ҳаммамиз яхши биламизки, 1991 йили 31 августда Ўзбекистонда ва кейинчалик Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатларда мустақиллик эълон қилинди. Бундан халқимиз чексиз қувонди ва қон тўкилмасдан, йўқотишларсиз, сиёсий йўл билан мустақиллик қўлга киритилганлиги халқимиз учун жуда буюк тарихий ғалаба эканлиги қайд этилди. Аммо тоталитар тузумдан воз кечилиб, жамиятга озодлик, ҳурлик шамолининг кириб келишини ҳамма ҳам тўғри қабул қила олмади. Мустақилликка эришилгандан сўнг бир йил ҳам ўтмай – 1992 йилдаёқ қўшни Тожикистонда "сунний" ва "шиа" исломий диний оқимлари ўртасида ўзаро фуқаролар уруши бошланиб кетди.

Афғонистонда эса толибонлар ҳаракати ғалаба қозона бошлади. Оқибатда Ўзбекистоннинг атрофи жиддий таҳликали ҳолатга тушиб қолди. Мамлакатимиз ичкарисида эса эркин, демократик давлат барпо этиш борасида қизғин ва тизимли иш олиб борилаётганди. Аммо ҳали чегараларимиз мустаҳкам эмасди. Шу боис қўшни мамлакатлардаги бузғунчи гуруҳларнинг гумаштаси бўлган айрим диний-экстремистик кайфиятдаги "юртдошлар"имиз яширин равишда улар билан ўзаро тил бириктириб пул, бойлик ва бошқа манфаатлар илинжида конституцион ҳукуматни ағдариб, янги давлат барпо қилиш мақсадида ғимирлаб қолишди.

Узоқ йиллар қуллик психологияси исканжасида сақланган, сиёсий қарашлари, етук маънавий дунёси ва умуман тафаккури шаклланмаган айрим ёшлар ислом динини ниқоб қилиб олган ваҳҳобизм ва "Ҳизбут-таҳрир" деб аталувчи норасмий реакцион ташкилотлар таъсирига тушиб қола бошлаётгандилар. Чунки бу пайтда ана шу ёшларда ислом дини ҳақида, шунингдек ушбу динни ниқоб қилиб олган экстремистик гуруҳлар, уларнинг ғоялари, ҳийла-найранглари тўғрисида мутлақо тушунча, ҳатто ахборот ҳам йўқ эди.

Давлатимиз раҳбари – Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов вужудга келган ана шу мураккаб вазиятни дарҳол тўғри баҳолаб, мамлакат мустақиллигини асраш, ёпирилиб келаётган бало-қазодан халқимизни қутқариш учун ёвуз ниятли гуруҳлар билан кескин ва муросасиз кураш олиб борди. Жумладан, ёшларни диний-экстремистик оқимлар таъсиридан қайтишларига даъват қилиб, давлат ва халқни тўғри йўлдан бошлади. Ёш давлатнинг чегараларини зудлик билан мустаҳкамлаш, унинг мудофаа қудратини ошириш чораларини кўрди.

Ёшларимизнинг бузғунчи ғоялар таъсирига берилиб қолишдан асраш мақсадида жамоатчиликни оёққа турғизди. Ҳеч нарсадан тап тортмай, ҳатто ғалаёнчи, кўзи қонга тўлган, нияти бузуқ исёнчи тўдаларнинг ичига кириб борди. Ўша пайтларда Президент халқимизга қарата қилган мурожаатларнинг бирида ёшларнинг бундай номаъқул йўлга кириб қолишига маҳалла, қолаверса, фарзандларини тўғри тарбия қила олмаган, уларни назоратсиз қолдирган оталар ҳам бевосита жавобгар эканлиги, нотўғри йўлдан қайтишни ихтиёр қилганларни бўлса, ҳукумат авф қилишга тайёр эканини алоҳида таъкидлаб ўтилган эди.

Албатта, бу даъват кўпчиликни, айниқса ота-оналарни ҳушёр торттирди. Баъзи ота-оналар бузғунчи диний оқимларга билиб-билмай кириб қолган ўғил-қизларини ёмон йўлдан қайтариб, ҳукуматдан авф сўрадилар. Натижада, бир қанча ёшлар тўғри, соғлом ҳаётга қайтдилар. Афсуски, мияси заҳарланиб, зомби бўлиб қолган, инсоний қиёфасини йўқотган, тафаккурдан мосуво мутаассиблар ҳам бор эди...

Мамлакатдаги мавжуд демократик-конституцион тузумни ағдариб ташлаб, унинг ўрнига ибтидоий халифаликка асосланган ислом республикасини барпо қилиш ниятидаги бу ватанфурушлар мамлакатнинг ҳам ичкарисида, ҳам ташқарисида фаол ҳаракат олиб бораётгандилар. Улар ёшларни алдов-қистовлар билан, ихтиёрий-мажбурий тарзда, кўп миқдорда пул бериб, чет элда ўқитишни, келгусида турли амалларни ваъда қилиб, ўз бузғунчи қарашлари таъсирига тортаётган, уларни "Ислом лашкарлари" деб аталувчи диний-экстремистик гуруҳга қўшаётган эдилар.

Дунёнинг нотинч ҳудудлари, жумладан айрим араб мамлакатлари ва Чеченистонда махсус тайёргарликдан ўтган, катта пул эвазига ёлланган каллакесар, жоҳил кимсалардан иборат бу диний-экстремистик гуруҳларнинг ғаразли нигоҳи асосан ўз йўлидан оғишмай, тобора илдамлаб бораётган, табиий, маданий бойликларга бой бўлган Ўзбекистонга қаратилган эди.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти душман ҳарбий истеҳкомлари барпо қилиш учун, қолаверса Тожикистоннинг Бадахшон вилояти орқали Афғонистон томонидан қурол-яроғ ва наркотик моддалар билан, гўё чаёнлар каби ўрмалаб, кириб келишлари учун жуда қулай жойлар эди. Энг хавфлиси, жиноятчи гуруҳлар шаклланиб, сафини кенгайтираётган, қурол аслаҳа йиғаётган Қирғизистоннинг Боткен вилояти томонлардан Фарғона водийси гўё кафтдагидек кўриниб туради.

Юртбошимиз Ислом Каримов раҳнамолигида 1989 йилдаги Фарғона, 1990 йилдаги Қирғизистоннинг Ўзган, 1992 йилдаги Наманган, 1999 йилда содир этилган Тошкент шаҳридаги террористик ҳуружларга барҳам берилди. Кўплаб диний-экстремистик кайфиятда бўлган гуруҳ ва шахслар қўлга олинди, жануб томондан кириб келадиган қурол-аслаҳа ва оғу сўқмоқлари аниқланди, яширин омборлар йўқ қилинди.

Масалан, 2000 йилда қўшни Тожикистон ҳудудидаги Сирдарёнинг Қайроққум сув омборига қуйилиш қисмидан қайиқлар ёрдамида кириб келган қурол-яроғларни махсус жанговар отряд қўлга олди. Мазкур операцияда "Дарё инспектори" сифатида иштирок этиб оёғидан яраланган миллий хавфсизлик хизмати зобити алоҳида жасорат кўрсатди ва давлатимиз томонидан тақдирланди.

Ватан сарҳадларини душманлар таҳдидидан асрашда қурбонлар ҳам бўлди. Лекин Ўзбекистон ҳукуматининг оқилона сиёсати, кўплаб ватанпарвар юртдошларимизнинг жасорати ва матонати туфайли юртимизга пана-пастқам жойлардан чаёндай ўрмалаб кириб келаётган ёвуз гуруҳлар йўқ қилинди.

Бироқ дунёдаги, ён атрофимиздаги давлатлардаги сиёсий, ижтимоий, қолаверса иқтисодий вазият бизни доим ҳушёр, огоҳ бўлишга ундайди. Бу дунёда дўстларимиз кўп, лекин ўрни келса ниш санчаман, деб пайт пойлаб турган душманларимиз ҳам борлигини унутмаслигимиз керак.

Таниқли ёзувчи Набижон Ҳошимовнинг мазкур асаридаги Ўзбекистон фуқаролари Нормурод Тўйчиев, Иброҳим Асқаров, Бахтиёр Тўраевлар, Нурмат муаллим, тожикистонлик Муҳаммад овчи, қирғиз қизи Гулбиби, рус йигити Алексей Сорокин каби турли миллатга мансуб инсонлар ўз юртига жонини бахшида этган жасур ва ватанпарвар замондошларимизнинг бадиий образларидир. Уларнинг тақдири, кўрсатган қаҳрамонликлари ватанимиз ёшлари учун ибрат бўлиши шубҳасиздир. Зеро, ҳозирги кунда шундай шижоатли, билимли, ватанпарвар ёшларимиз улғаймоқдаки, улар туфайли юртимиз осойишта, халқимиз фаровон ва чегараларимиз мустаҳкамдир. Уларни кўрганда кишида мамлакатимиз, халқимизнинг ёрқин келажагига ишонч туйғуси ўн карра ортади.

Муаллифнинг "Чаёнлар сўқмоғи" деб номланган ўткир сюжетларга бой асарини мутолаа қилган ҳар қандай китобхон қалбида Ўзбекистон деб аталмиш бебаҳо ва бетакрор юртга нисбатан меҳр-муҳаббати жўш уради, унинг Марказий Осиё минтақасида энг қудратли ва салоҳиятли мамлакат эканини чин дилдан ҳис қилади. Мазкур романни ўқиган инсон она-Ватан, тинчлик ва осойишталик қадри ҳамма нарсадан ҳам устун эканлигини яна бир карра юракдан ҳис этади.

МИЗРОБ БЎРОНОВ,

журналист,

"Халқ сўзи" ва "Народное слово"

газеталари таҳрир ҳайъати аъзоси.

Соседние файлы в предмете [НЕСОРТИРОВАННОЕ]