Добавил:
Опубликованный материал нарушает ваши авторские права? Сообщите нам.
Вуз: Предмет: Файл:

9-МАЪРУЗА МАТНИ

.doc
Скачиваний:
4
Добавлен:
17.12.2022
Размер:
110.08 Кб
Скачать

9-мавзу. Инсон ресурсларини ривожлантиришда касбга йўналтириш ва касбий тайёргарлик

РЕЖА

  1. Ходимларнинг касбий тайёргарлиги ва рақобатбардошлилиги.

  2. Таълим тизимида компетентлик муаммолари.

  3. Кадрлар малакасини ошириш ва касбий компетентлик даражаси.

  4. Кадрлар профессионал маҳоратини оширишда замонавий менежмент мактаблари.

  5. Касбга йўналтириш элементлари. Касбий тайёргарлик методлари.

  6. Коучинг – муаммоларни самарали ечиш технологияси сифатида.

  7. Кадрлар сиёсати ва кадрларни саралаш.

  8. Кадрлар аудити.

  9. Инсон ресурсларининг бошқарилишида контроллинг технологиялари. Кадрлар аттестацияси ва аккредитация.

Жаҳон банкининг бугун эълон қилинган янги тадқиқот натижалари ҳукуматларга болалар саломатлигини сақлаш ва уларга таълим беришга оид энг яхши натижалар келгусида аҳоли ва мамлакатлар даромадларини сезиларли даражада ошириши мумкинлигини намойиш қилмоқда.

Индонезиядаги Бали оролларида Жаҳон банки ва Халқаро валюта фонди йиғилиши доирасида тақдим этилган Инсон капитали индекси бугун сайёрада туғилган 56 фоиз боланинг ҳаёти давомидаги умумий даромади ўртачадан паст бўлишини намойиш қилмоқда.

Бунга сабаб - ҳукуматларнинг ўз мамлакати аҳолисига киритаётган сармояларнинг паст самарадорлиги, бу эса келажак касблари учун тайёр соғлом, билимли ишчи кучини шакллантириш йўлида хизмат қилмайди.

Соғлиқ, билим ва кўникмаларни ўз ичига олган инсон капитали XX асрда дунёнинг кўплаб мамлакатларида, айниқса Осиёдаги иқтисодий ўсиш ва қашшоқлик кўламининг қисқаришига туртки берган асосий омиллардан бири бўлган.

Инсон капитали индексида қуйидагилар инобатга олинади:

  • Омон қолиш;

  • Таълим;

  • Соғлиқ.

Индекснинг биринчи нашрида 157 давлат рейтинги тақдим этилган. Инсон капиталига бошқалардан кўпроқ сармоя киритаётган энг фаол мамлакатлар бешлигидан Сингапур, Жанубий Корея, Япония, Ҳонконг ва Финляндия ўрин олган. Рейтингда шунингдек Марказий Осиёнинг уч давлати натижалари келтирилган - Қозоғистон (31-ўрин), Қирғизистон (76) ва Тожикистон (89).

"Ўзбекистон ҳукумати иқтисодий трансформация ва мамлакат келажаги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган инсон капитали ривожига давлат инвестицияларини киритиш заруратини тан олади, - дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори. - Биз Ўзбекистонни Инсон капиталини ривожлантириш лойиҳасини қўллаб-қувватловчи дунёнинг қолган 27 мамлакатига қўшилган Марказий Осиёдаги биринчи мамлакат бўлгани билан олқишлаймиз".

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 июль куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда мактаб инсон ресурсларини ривожлантиришнинг пойдевори, ёшларда билим, дунёқараш ва маънавият асосларини шакллантирувчи асосий маскан эканини таъкидлади. Мажлисда “инсон капитали”га сармоя киритишни кўпайтириш давр талаби эканлиги алоҳида таъкидланди.“Инсон капитали” ХХI асрда инсониятнинг, ҳар бир давлатнинг тақдирини белгилайдиган мезонга айланди. Ҳозир ахборот технологияларидан тезкор суръатларда фойдаланиш даври. Олимлар яқин 7—15 йилда бу даврнинг тугашини башорат қилмоқда. Цивилизациянинг учинчи босқичи умуммаданий ёки интеллектуал-маънавий босқич бўлиши мумкин. Инсон капитали бу — миллатнинг бирлашган имкониятлари йиғиндиси. Табиий ресурслар, иқтисодиётнинг саноат ва аграр секторлари, олтин, валюта захираси ва бошқалар миллий бойликнинг доимий камайиб борувчи қисмига айланади. Баъзи экспертларнинг фикрича, улар 2020 йилга келиб, ривожланган мамлакатлар миллий бойлигининг 10 фоизига ҳам тенглашолмайди. Бошқача айтганда, интеллектуал-маънавий омил миллий бойликнинг ҳал қилувчи шарти бўлиб, давлат қудратининг энг муҳим кўрсаткичи ва жамиятнинг ривожланганлик даражасини белгилайди. Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига кўтариш учун улкан қудрат, катта салоҳият керак. Бу куч нимада? Ер ости ва ер усти бойликларидами? Армиядами? Аҳоли сонидами? Ҳудуддами?.. Йўқ! Халқида, аҳолининг сифат даражасида. Миллатнинг инсон капиталида. Ҳар бир одамнинг нималарнидир билишида, нималарни қандай уқув ва малака билан бажара олишида, Ватанига, халқига нисбатан чексиз садоқатида. Тадбиркорлик бу — иқтисодий ривожланишнинг нафақат ишлаб чиқарувчи, балки ижодий, интеллектуал ресурси ҳамдир. Демак, мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилаётган инвестициялар, берилаётган имтиёзлар, инсон капиталига киритилаётган сармоялар етарли. Бу эса инсон капиталининг конструктивлиги, креативлиги ва инновационлигини оширади. Фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлашга киритиладиган ҳар бир инвестиция кишиларнинг креативлигини, қонунларга бўйсунишини таъминлайди. Жамиятда кўтаринкилик муҳити юзага келади, конструктив ва рационал дунёқараш шаклланади. Ҳаёт сифатини оширувчи нодавлат институтлар пайдо бўлади. Одамлар соғлом турмуш тарзига ўрганади. Буларнинг барчаси халқимизда келажакка ишонч кайфиятини пайдо қилади, ҳаёт сифатини юксалтиради. Билими зўр мингни йиқар Миллий тарихимизга қарасак, жасур, мард, доно инсонларга юксак баҳо берилганини кўрамиз. “Соҳибқирон”, “жаҳонгир”, ”баҳодир”, “олампаноҳ” каби таърифлар эътироф, эъзоз, лутф маъносини англатган. Масалан, Соҳибқирон Амир Темурнинг отаси Амир Тарағайнинг “баҳодир” деган унвони бўлган. Соҳибқирон лашкаридаги кўп жангчиларнинг исмига ҳам ана шу унвон қўшиб айтилган. Таомилга кўра, салтанат учун ҳал қилувчи лаҳзаларда лашкар ичидан отилиб чиқиб, биринчи бўлиб ёвга ташланган аскарга дур-жавоҳир ва “баҳодир” унвони берилган. Бу унвон ўша даврда фақат куч, жасорат учун берилмаган. Баҳодир бўлиш учун қиличбозликни пухта эгаллаш, отни бошқариш, ўзини ҳимоя қилиш, зарба нуқтасини тўғри топиш, ўз куч-ғайратини тўғри тақсимлаш, душман пис¬тирмаларини олдиндан билиб иш тутиш каби хислатлар эгалланиши керак эди. Акс ҳолда кучли, жасур йигитлар бекорга қурбон бўлишарди ёки уларнинг шиддатидан фойда кам бўларди. Баҳодирлик учун фақат довюраклик, шамшир ўйнатиш етарли бўлмаган. Бунда билим, яна билим, маҳорат керак бўлган. Соҳиб¬қирон Амир Темур “Билаги зўр бирни, билими зўр мингни енгади” деган ҳикматни айтганида, балки шуларни назарда тутгандир. Темирчиларда “Болға урувчига бир танга, “мана бу ерга ур”, деювчига икки танга”, деган мақол бор. Болғачи бир ойда 30 танга, уста 60 танга топади. Бу болғачи ва устадаги малаканинг иқтисодий баҳоси. Ҳар иккисидаги малака маҳсулот сифатига сингади. Сифатли маҳсулот қиммат сотилади, ундан фойда кўпроқ.

XVII асрда инглиз иқтисодчи олими В.Петти биринчилардан бўлиб, юқоридаги ўзбек халқ мақолида таъкидлангани сингари, одамнинг ишлаб чиқариш хусусиятларини пулга чақиб кўрган. У “Ер ва одамларнинг баҳоси улар келтираётган даромаднинг йигирма каррасига тенг”, дейди. Ана шу формуладан келиб чиқиб, олим ўша даврдаги Англия ва унинг аҳолисини 520 миллион фунт-стерлингга “нархлаган”. Яъни бунга кўра, ҳар бир инглиз ўртача 80 фунт-стерлинг туради. У “Бир нафар ёши катта одам иккита болага тенг. Битта матрос учта деҳқонга тенг”, деб ҳисоблайди. Петти жамиятнинг бойлиги одамлар нима билан шуғулланаётгани ва меҳнат қобилиятларига боғлиқ эканлигини таъкидлайди. Шу зайлда у боладан катта одамнинг, деҳқондан матроснинг иқтисодий баҳоси қимматлигини ҳисоблаб чиқаради. Бу баҳо уларнинг яхши-ёмонлигида эмас, ўзларига ва ватанига қанча фойда келтира олишидан келиб чиқиб белгиланганига шубҳа йўқ. ХХ асрда тадқиқотчи С.Фишер: «Инсон капитали бу — одамнинг фойда келтириш қобилиятининг ўлчови. Бунга унинг туғма қобилиятлари, таланти, билимлари ва орттирган касбий малакалари киради”, деган хулосага келди. Унга кўра, инсон капитали бу – одамларнинг сони эмас, балки креативлиги ва самарадорлигидир. Молнинг баҳоси — вазнида, ошники — мазасида, хонанданинг баҳоси — жонли ижрода, футболчининг баҳоси — урган голларида... Одамнинг баҳоси борми? 2007 йили интернетда “Los Angeles Galaxy” футбол клуби “Real Madrid” футбол клубидан Дэвид Бэкхэмни 100 миллион долларга сотиб олибди”, деган хабар тарқалди. Демак, одамнинг эмас, унинг қўлидан келадиган ишлари — инсон капиталининг баҳоси юксакроқ экан. Ўзбек тилида одамдан бошқа ҳамма нарсага “Нима?” деган саволни беравериш мумкин. Фақат одамга нисбатан “Ким?” саволини қўллаймиз. Чунки у азизу мукаррам тирик жонзот, организм. Одам нимаси билан тирик жонзотларнинг эгасига айланди? Эт, суяк, пай, сочлари борлиги учунми? Йўқ, булар бошқа жониворларда ҳам бор, ҳатто кўпроқ. Бугун “инсон капитали” деб атаётганимиз — ақл, билим, кўникма, малака, компетенция одам зотини бошқа жонзотлардан азизу мукаррам, “Ким?” деган саволга муносиб қилди. Афсуски, одам баҳоси ҳақида гап кетса, ҳамма бир хил — юксак мақомда, деб тушунамиз. Одамми, демак, у бебаҳо. Ёки юксак баҳога муносиб, деб таъриф бераверамиз. Шунинг учун “Одамнинг баҳоси борми?”, десангиз, кимлардир “Нима деяпсиз? Одамнинг баҳоси йўқ. У бебаҳо, дейди. Унда нега “Одам борки, одамларнинг нақшидур, одам борки, ҳайвон ундан яхшидур”, дейилади? Ватанпарвар билан ватанфуруш тенгми? Садоқатли рафиқа билан енгилтабиат аёл бирдайми? Олим билан золимнинг, оқил билан жоҳилнинг ўртасида тафовут йўқми? “Одам бебаҳо”, деган фикрни Гитлер билан Конфуцийга ҳам, Чингизхон билан Навоийга ҳам, ватанпарварлар билан ватан хоинларига ҳам қўллаб бўладими?! Луғатларда қайд этилишича...“Инсон” — арабча сўз. Бу сўз уч маънода келади. 1. Одам, одамзод, башар. 2. Ҳар бир якка шахс; одам. 3. Кимсага (одатда, салбий муносабатли) мурожаат шакли. “Капитал” — немисча сўз. Бош, асосий, деган маъноларни беради. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да у уч маънода келтирилган. 1. (иқт.) — Ўзини ўзи кўпайтириш учун фойдаланиладиган, ўз эгасига фойда, даромад келтирадиган бойлик (қимматли қоғозлар, пул маблағлари, моддий мол-мулк ва ш.к.). 2. Катта маблағ, кўп пул, бойлик. 3. (Кўчма маънода) кимгадир катта бойлик, қадрият ҳисобланган, муҳим аҳамиятга эга бўлган, аҳамиятга молик нарса (Жамиятимизда инсон саломатлиги бебаҳо капитал ҳисобланади). Капиталист — капитал эгаси; ўз маблағларини, баъзан ёлланма меҳнатни фойда олиш учун ишлатадиган шахс. Лекин Президентимиз иқтисодий фойда ҳақида эмас, замонавий билим ва касб-ҳунарни эгаллаш, мамлакат истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодирлик, дадиллик ҳақида гапирди. Булар — маънавий бойлик. Демак, инсон капитали ҳақида гапирар эканмиз, маънавий омиллар устувор аҳамият касб этади. “Wikipedia”да инсон капитали — одам ва умуман, жамиятнинг кўпқиррали эҳтиёжларини қондиришда қўлланиладиган билим, кўникма ва малакалар йиғиндиси, деган хулосани кўрамиз. Бу тушунчани дастлаб фанга 1979 йилда Нобель мукофоти совриндори Теодор Шульц киритган. Унинг шогирди Гэри Беккер бу тушунчани ривожлантиргани учун унга ҳам Нобель мукофоти берилган. Бу назариянинг ривожига учинчи Нобель мукофоти совриндори Саймон Кузнец ҳам катта ҳисса қўшди. Шу пайтгача инсон хулқига адабиёт, ахлоқ, маънавият, физиология, ҳуқуқ, культурантропология, педагогика, психология нуқтаи назаридан ёндашиб келинаётган эди. Беккер одам хулқига иқтисодий масала сифатида ёндашди. ”Инсон капитали” ибораси “одамнинг меҳнат қобилиятини кўтариш мақсадида унга таълимий ва касбий малака бериш” тарзида тушунилган. Вақт ўтиши билан бу тушунча тобора кенгая борди. Инсон капитали инновацион иқтисодиёт ва ривожланишнинг кейинги бос¬қичи — билимлар иқтисодиётини шакллантирувчи ва ривожлантирувчи бош омил ҳисобланади. У “Шахснинг инсон капитали”, “Фирма, корхонанинг инсон капитали” ва “Миллатнинг инсон капитали” тарзида таснифланади. XX асрнинг иккинчи ярмига келиб, ривожланган мамлакатларда инсон капиталига муносабат тубдан ўзгарди. Илмий адабиётларда “ИК” (Human Capital) тушунчаси пайдо бўлди. Инсон капитали “Одам ақлий салоҳиятининг жамият ва иқтисодиётга қандай таъсири бор?”, деган савол асосида юзага келди. Натижада замонавий шароитда ривожланиш талаблари ИКни асосий ишлаб чиқарувчи ва ижтимоий омил сифатида ўрганиш заруратини пайдо қилди. ИК “инсон омили”, “инсон ресурси” каби тушунчаларнинг ривожланган ва умумлашган, кенг иқтисодий маънодаги ҳолатидир. Шунинг учун ҳам тадқиқотчи С.Фишер: «ИК бу — одамнинг фойда келтириш қобилиятининг ўлчови. Бунга унинг туғма қобилиятлари, таланти, билимлари ва орттирган касбий малакалари киради”, деган таърифни беради. Саймон Кузнец агар ИК юқори даража ва сифатга кўтарилса, бу жон бошига ялпи ички маҳсулотнинг барқарор ўсишига, аҳоли ҳаётининг даража ва сифати ошишига олиб келади, деб ҳисоблайди. Шу сабабли ИК ривожланаётган давлатларнинг барқарор ўсиши бош доминантига айланади, дейди. Инсон капитали назарияси кенг қўлланилаётгани учун АҚШ, Европа давлатларининг ривожланиш парадигмаси муваффақиятли амалга ошмоқда. Швеция ўз иқтисодиётини модернизациялаштириб, 2000-йилларга келиб, етакчиликни қайта қўлга киритди. Финляндия қисқа муддатда хомашё иқтисодиётидан инновацион иқтисодиётга ўтиб олди. Буларнинг барчаси ИК замоннинг даъвати, туғилаётган инновацион иқтисодиёт (билимлар иқтисодиёти), венчур бизнеснинг талаби бўлгани учун шундай бўлди. ИКнинг ўзаги инсон бўлган ва шундай бўлиб қолади. Чуқур билим, бунёдкорлик, ташаббускорлик, яратувчанлик, юксак касбий салоҳият ана шу ўзакни ташкил қилади. Инсон капитали бу — шахсдаги юксак маънавият деганидир. Мазкур тушунча ахборот технологиялари билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Чунки ахборот оқимлари инсоният ҳаётининг барча жабҳаларини кесиб ўтади. Инсон капитали бу — кишиларнинг ўз бойликларини ва миллий фаровонликни яратишда ишлатадиган билим, кўникма ва малакаларидир. ИК ҳам ҳар бир активнинг бозордаги нархи қандай баҳоланса, шундай баҳоланади. Яъни ИК ўзининг яроқлилик муддатида кўрсата оладиган хизматлар туркумининг баҳосига тенгдир. ИКнинг ҳозирги замонавий кўринишдаги ғояси америкалик иқтисодчи, Нобель мукофоти лауреати Теодор Шульц томонидан 1950—1960-йилларда ифодаланган (Shultz, 1961). Шульц одамнинг билим ва малакаларини капиталнинг алоҳида, ўзига хос шакли, деб таърифлайди. Бу ўша давр учун янги гап эди. Шунинг учун нафақат иқтисодчилар, балки сиёсатчилар ва кенг жамоатчиликнинг эътиборини ўзига тортди. Таъриф ўша замонда машҳур бўлиб кетди. Натижада бу ибора жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий муаммоларини тушуниш ва тушунтиришда ҳозирга қадар кенг қўлланилмоқда. Билимнинг капиталлашуви “Одамнинг билим ва малакалари капиталнинг ўзига хос шаклидир”, дейди Теодор Шульц. Худди шунга ўхшаш талқинни ҳазрати Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг битикларида учратамиз. Аллома ХIII асрдан туриб бизларга: “Ҳар тоате ва ибодатеки, айларсиз — унинг илмидан воқиф бўлинг. Иккинчиси — ҳар илмники ўрганибсиз, унга амал қилинг. Учинчиси — ҳар амалники, этгайсиз, сид¬қу ихлос билан адо айланг!”, деб тайинлаган эдилар.“ўиждувоний учлиги” билан бугунги кунимизга назар солайлик. Ана шунда билим овқатланишда ҳам, машина ҳайдашда ҳам, даволанишда ҳам, бола тарбиялашда ҳам, андроидни ишлатишда ҳам, эътиқодда ҳам, фермерликда ҳам — ҳар бир ишнинг муваффақият кафолати бўлиб чиқаверади. Яъни: 1) “Нима қилмоқчи бўлсангиз, шу ишнинг илмий асосини билинг; 2) Билганингизга амал қилинг; 3) Амал (иш) қиляпсизми, уни садоқат ва ихлос билан бажаринг. Биз буюк алломаларимиздан илмнинг фойдаси, аҳамияти ҳақида юзлаб дурдона фикрларни биламиз. Лекин илмга амал қилиш қандай бўлишини дунёда ҳеч ким Соҳибқирон Амир Темурдек аниқ ва ўз тажрибасида синаб кўриб айта олмаган бўлса керак. Буюк Соҳибқирон шундай дейди: “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард, шижоатли бир киши минг¬та тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”. Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Соҳибқирон Амир Темур фикрларида билим, амал ва шижоат бирлиги ҳар бир катта-кичик ишда ғалаба келтиришининг исботи бор. ХХI асрда Соҳибқироннинг фикрлари яна бир карра ўз исботини топди. Мамлакатнинг инсон капитали — ҳар бир фуқаронинг интеллектуал азми қатъийлигида, интеллектуал тадбиркорлигида, интеллектуал ҳушёрлиги, интеллектуал мардлиги, шижоатида ҳам намоён бўлади. Бу ҳар бир одамнинг нималарни билишида, билимидан фойдаланиб қайси ишларни қандай сифат билан бажара олишида, Ватанга садоқатида кўринади. Глобаллашув, модернизация жараёни ҳаётимизга ҳар куни янгидан-янги тушунчаларни олиб кираётир. Модернизация — объектни янги талаб ва меъёрлардан келиб чиқиб янгилаш. Бунда машина, ускуна, жиҳозлар, технологик жараён янгиланади, замонавийлашади. Масалан, ноутбукингизнинг дастури тезда эскиради. “Бизга бўлаверади” десангиз, бу замондан бир қадам орқада қолишга рози бўлганингизни билдиради. Ким тўхтаса, у орқада қолган ҳисобланади. Ривожланган давлатлар қаторига кириш йўлида шахдам одимлаётган Ўзбекистонда инсон капиталини ана шу омилга айлантиришга устувор эътибор қаратилмоқда. Зеро, замондан орқада қолмаслик учун, аввало, инсон ўз билим доирасини кенгайтириб, такомиллаштириб, замонавийлаштириб бориши керак. Ана шундагина унинг интеллектуал даражаси, салоҳияти ошади. Билимлари жамоаси, корхонаси, Ватани тараққиётига ҳисса бўлиб қўшилади. Эскирган билим, кўникма, малака булар — иқтисодий жиҳатдан аҳамиятини йўқотган “товар”. 2014 йили чиққан планшетга 2007 йилда татбиқ этилган дастурни қўйиб бозорга чиқарган компания ўзини ўзи синдиради. Шунинг учун хорижий давлатларда кучли, бой компаниялар очиқ-ошкора “Янгисидан борми?”, дейди. Улар янгиланган билим, ноу-хау, технологиялар учун курашади. Дунёнинг қаерида бўлмасин, топиб, сотиб олади. Чунки уларни кучли, бой қилган нарсалар шу — инсон капиталининг маҳсулоти-да! Янгиланган инсон капитали янги билим, сўз, ибораларни ишлаб чиқади. Янги тушунча, ибора, ғоялар янгиланган товар, хизмат, жиҳозларда “моддийлашади”, капиталлашади. Истеъмолчиларнинг билим, сўз, иборалари замонавийлашади. Инсон капитали эски ёки замонавийлигини у айтаётган сўз, иборалардан билиш қийин эмас. Маънавият — капитал Болалар бахтли бўлишнинг тенг имкониятлари билан туғилади. Туғилгач, ота-она уларни бахтли бўлишга тайёрлаб, соғлом ривожлантиришлари керак. Бироқ ота-оналар болалик фаслида улар билан турлича муносабатда бўладилар. Кимдир фарзанди билан тинмай ишлайди. Бизнесга, ишлаб чиқаришга, банк, қишлоқ хўжалигига катта фойда келтирадиган билим, кўникма ва малакаларни ўргат(тир)ади. Бу билан улар фарзандининг жамиятга кераклилик даражасини, қадр-қимматини оширади. Кимдир боласини ўз мол-мулки, давлати, обрўси ҳисобидан текин, қийналмасдан яшашга ўргатган бўлиб чиқади. Эрка, танбал инсон боласининг жамиятга таклиф қиладиган билим, кўникма ва малакаси маълум. Яъни, фойда келтирмайди ёки жуда кам фойда келтиради. Натижада кам иш ҳақи олади. Бу — бозор, қайси тадбиркор билим, кўникма ва малакаси паст жиянига кўп ҳақ тўлайверса, ўзининг зарарига ишлайди. Синади. Билим ҳар соат, ҳар минутда керак. Одам билмаса, уйини ҳам топиб бора олмайди. Бурни битса, оқ пиёзни кесиб, ҳидлаш кераклигини ҳам билмайди (Бу ҳам билим, тўғри эмасми?). Бозорда 100 та қовунга назар солади, лекин яхшисини танлай олмайди. Меҳнат қонунчилигини билмагани учун одам савдоси қурбонига айланади. Яхши гўштнинг пулига сифатсиз маҳсулот олиб, хотинидан дакки эшитади. Чунки сотувчи нимани мақтаса, у ўшани олади. Ахир, устаси фаранг қассоблар сифатсиз гўштни ҳам сотиши керак-да. Бир домлани Ширин бозорида кўрдим. Ёнидаги йигитни “Жияним”, деб таништирди. “Рўзғорга гўшт олмоқчи бўлсам, шу жиянимни чақираман. Гўштнинг яхшисидан олиб беради”, деди. Демак, жиянида сифатли гўштни билиш малакаси бор. Ишсизликдан 100 карра ҳимоя Ер остидаги олтин, газ, нефть, валюта захиралари — ҳар бир давлатнинг миллий бойлиги. Лекин уларнинг захираси доимий камайиб боради. Иштихоннинг Зарбандида 80 ёшли Бектемир ота билан гаплашиб қолдик. Ишсизлик ҳақида. Мен “Бир йигитга қирқ ҳунар оз”, деган эдим, у киши менинг гапимни “тузатди”: “Болам, эски пайтда бу мақол “Йигитга юз ҳунар, қизга қирқ ҳунар” дейилган”. Агарда ҳозир Альфред Нобель тирик бўлганида, ўз мукофотини ўзбекнинг ана шу мақолига берарди, эҳтимол. Нега халқимиз бир йигитга уч, беш, ҳатто ўн ҳунар оз, деб қўя қолмаган? Қиз болага бир ҳунар етади, десак, 40 ҳунарли бир қиз 40 нафар бошқа қизга тенг бўлади. Мана шу эмасми, инсон капиталининг миллий, доно диверсификацияси?! Демак, бу мақолга амал қилсак, у бизни ҳунарсизлик, ишсизликдан 100 карра ҳимоя қилади. Агар ота-оналар шу мақолга амал қилганида, уларнинг зурёдлари хорижда хору зор бўлиб, энг қора ишларни қилиб юрармиди? Бир мақол 300 йилда пайдо бўлади. Йигит юз, қиз қирқ ҳунарли бўлиш мумкинлиги ҳаққоний фикр. Бунинг учун ёшликни “оммавий маданият” унсурларида кўзга ташланаётганидек, кайфу сафо даври эмас, илм-ҳунар ўрганиш — ўз маънавий капиталини бойитиш фасли деб билиш ва амал қилиш керак бўлади. 100 эмас, 40, 40 эмас 20, 20 эмас 10, 10 эмас 5, лоақал уч ҳунарли йигит-қиз, албатта, фаровон яшайди. Шундай эмасми? Дунёда ишсизлик, Lost generation (бой берилган авлод) балоси глобаллашмоқда. Бундай вазиятда ўзбекнинг “Бир йигитга юз ҳунар, бир қизга қирқ ҳунар оз” мақоли инсониятни таназзулдан асраб қоладиган тамойил эканлиги ойдинлашади. Чунки ҳар бир ҳунар (квалификация) билим, малакага таянади. Шу маънода, инсон капитали бу — одамларнинг сони эмас, бир инсондаги ҳунар, касблар сони, дейиш мумкин. Бу эса ҳозирги технологиялар даврида жуда асқотади. Венчур — бойлар Одам бировларнинг активларини ўзлаштириб олгани учун эмас, балки иқтисодий қийматга эга билим ва малакаларга эга бўлгани учун мулкдорга айланади. Т. Шульц. Нобель мукофоти совриндори Бозор иқтисодиёти танбал, ишёқмас, боқиманда одамларга шафқат қилмайди. Бундайларга тошнинг “томири” ҳам йўқ. Фаол, тиниб-тинчимас, изланувчан, янгиликка интилувчи одамларнинг ошиғи олчи. Бир қарашда, бундай одамлар ўзларини ўтга-чўққа уриб, елиб-югуриб, ижод қилиб, янгиликлар яратиб бахтга эришадигандек. Бироқ, улар ўзлари билиб-билмай миллатининг кичиккина мушкулига ечим топадилар, оғирини енгил қиладилар. Масалан, Билл Гейтс компьютерниниг «Windovs» дастурини ўйлаб топиб, дунёнинг энг бой кишисига айланди. Юз миллионлаб одамлар компьютер дастуридан унумли фойдаланмоқда. (Ўқиётган ушбу жумлалар ҳам, қўлингиздаги газета ҳам ўша Гейтс ижод қилган компьютер дастурида терилган). Агар медицина тарихидан хабардор зиёлиларнинг олдига глобусни қўйиб, «Дунёни саратон касаллигидан қайси мамлакат қутқариши мумкин?», десангиз, қайси қитъани кўрсатган бўларди? Албатта, Абу Али ибн Сино Ватани — Ўзбекистон кўрсатилади. Жаҳоннинг ҳар бир врачи — буюк табибнинг шогирди. Европаликлар қўллаётган жарроҳлик амалиёти асбобларининг 85 фоизини Ибн Сино ясаб, жорий қилган. ХХI асрда кўпайган хавфли дардларга даво унинг 1000 йил олдин ёзиб кетган «Тиб қонунлари» варақлари орасидан «сизиб» чиқаётир. Агарда «Тиб қонунлари»ни юз киши ёзганида, ўша юз алломага чексиз эҳтиром кўрсатилиб, ҳайкал қўйилса арзирди. Лекин юз алломанинг ишини битта табибимиз мукаммал қилиб яратиб кетган. Бу бир кишида юз алломадаги салоҳиятнинг намоён бўлиши эмасми? Ўсма касаллигига давонинг формуласи бор. Уни Ибн Синонинг энг кенжа авлоди — ўзбек йигити Ҳакимжон топди, деб фараз ва умид қилайлик. Бунда қай манзара намоён бўлади? Бутун дунёдан, жамики миллат беморлари нажот истаб, Ўзбекистонга қараб “учади”. Бундан миллат мавқеи, обрў-эътибори ошади. Камтарин, бироз хаёлпараст талаба Ҳакимжон ХХI асрнинг энг машҳур, энг бой одамларидан бирига айланади. Бу тоифадаги мутахассисларга нисбатан венчур (таваккалчиликдан қўрқмайдиган, янги ғоялар тарафдори) таърифи қўлланилмоқда. Насиб этса, Ҳакимжон Нобель мукофотини олади. Ўз исмини жаҳон ва Ўзбекистон тарихининг олтин китобига ёзади. Ўзбек деган миллатнинг шуҳратига шуҳрат қўшади. Президентимиз раҳнамолигида умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилиш жуда катта тарихий аҳамиятга эга бўлди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “инсон капитали”га сармоя ажратиш ҳар қандай мамлакатнинг тараққиётини таъминлайди. Охирги йилларда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимига кўпроқ эътибор қаратилиб, умумтаълим мактабларини замон талабларига яраша молиялаштириш, уларни яхлит тизимга бирлаштириш масаласи эътибордан четда қолди. Ўтган йили соҳага ажратилган бюджет маблағларининг ялпи ички маҳсулотдаги ҳиссаси 4,1 фоиздан 3,8 фоизга камайгани ана шу фикрнинг далилидир. 2016 йилда мактаб таълими соҳасидаги ўртача ойлик молия соҳасиникига нисбатан атиги 48 фоизни ташкил этган бўлса, бу йилга келиб, 42 фоизгача камайганини кўриш мумкин. Бу ҳолат мактаб таълимига жиддий эътибор қаратиш, ўқитувчи мавқеи ва обрўсини кўтариш масаласини кун тартибига қўймоқда. Зеро, ўсиб келаётган ёш авлод ҳаётида учраётган турли муаммоларни таълим соҳасига, инсон капиталига давлат миқёсида жиддий эътибор қаратиб, сармояни кўпайтирибгина ҳал қилиш мумкин.

5. Тавсия этилган адабиётлар рўйхати

Асосий адабиётлар:

  1. А.В.Дайнека, В.А.Беспалько. Управление человеческими ресурсами. Учебник. – Москва: Дашков и К, 2013. – 392 с.

  2. Л.С.Шаховская, И.А.Морозова, Е.Г.Гущина, О.С.Пескова. Управление человеческими ресурсами. – Москва: КноРус, 2017. – 148 с.

Қўшимча адабиётлар:

  1. Мирзиёев Ш.М. Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. – Тошкент: “Ўзбекистон”, 2017. – 488 б.

  2. И.А. Епишкин Управление человеческими ресурсами. Учебное пособие. – М.: МИИТ, 2013. – 157 с.

  1. .А.П.Андруник, А.Е.Гордеев, В.П.Черданцев. Управление человеческими ресурсами. Альбом графических схем. Учебное пособие. – Пермь: Пермская ГСХА, 2015. - 201 с.

Ахборот манбалари:

  1. http://www.ziyonet.uz/

  2. http://www.isras.ru/

  3. http://www.lib.socio.msu.ru/

  4. http://www.socioline.ru/

  5. http://www.socio.rin.ru/